2023 йил 11 январь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг матни жойлаштирилди. Қонун лойиҳасига кўра, хусусан:
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз шахслар ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни (47-4- ва 47-5-моддалар) содир этган шахсларга нисбатан “ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш” тарзидаги янги жазо тури жорий этилмоқда (23- ва 28-1-моддалар).
Жазо 240 соатгача тайинланади ва иш ҳақининг 50 фоизи алимент бўйича қарздорликни сўндиришга йўналтирилади. Алимент тўлолмаган кишига қўшимча жарима жазоси тайинланиши уларни янада моддий қийинчиликларга олиб келмоқда.
Алимент бўйича мажбуриятларга эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги белгиланмоқда (29-1-модда).
Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда:
жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш, шахсни, унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш ёхуд унга нисбатан шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар қилиш (41-1-модда. 600 минг сўмдан 1,2 млн сўмгача жарима);
ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда ёхуд ўзларининг ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятни бажармаслик (47-7-модда. 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача жарима, 1 йил ичида такроран содир этилса фуқароларга 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача жарима).
Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси 26 январга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.01.2023
- Кўришлар: 4888
- Чоп этиш