Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.
Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин
Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.
Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин,
Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.
Оразу холинг била хаттинг хаёлидин эрур
Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.
Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада
Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.
Фақр аро беранглиқ душвор эрур беҳад, валек
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.
Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди наминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.
Алишер НАВОИЙ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими расмий канали
- Қўшилди: 07.02.2023
- Кўришлар: 4661
- Чоп этиш