Президент Қарори: Ташаббусга кенг йўл

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 13 июлда қабул қилинган “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида 2022 йил 2 мартда «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Қарордан кўзланган асосий мақсад – ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказишдир.

 Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг иккита таклифи маъқулланди. Яъни:

биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш;

иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларида бошқарма бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида бўлим бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Президент қарорига мувофиқ, «Ватан таянчи» ҳаракатининг ташкилий тузилмаси ҳам тасдиқланди.

«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати – давлат муассасасидир. Унинг асосий таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳисобланади.

«Ватан таянчи» ҳаракатининг мақоми, Қуролли Кучлар хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш  шартларига кўра, давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг мустақил бўлимига тенглаштирилган.

«Ватан таянчи» ҳаракати ходимларининг асосий таркиби Мудофаа вазирлиги қўшинлари умумий чекланган штат бирликлари доирасида ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари «Ватан таянчи» ҳаракати фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишлича «Ватан таянчи» ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари бошлиқлари ҳисобланади.

Давлат умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида таркиби 20 нафар 10-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлган «Ватан таянчи» отрядлари тузилади. Уларнинг фаолияти «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан мувофиқлаштириб борилади.

«Ватан таянчи» отрядларига давлат умумтаълим мактаблари ўқувчилари ихтиёрийлик асосида аъзо бўлади.

«Ватан таянчи» ҳаракати ҳузурида Васийлик кенгаши, унинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари ҳузурида эса мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилади. Уларнинг таркибига Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг вакиллари киритилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech