«Ватан таянчи» қандай вазифаларни бажаради?

Ўзбекистон Президенти 2022 йил 2 мартда «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарордан кўзланган асосий мақсад – ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказишдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

Қарорга асосан:

  • ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш;
  • эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқеини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатининг, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва янада ривожланиши орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
  • ўқувчи-ёшларни тузилаётган отряд атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни амалга оширишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш учун фаол ҳаракат қилиш;
  • давлат умумтаълим мактаблар ўқувчиларини одоб-ахлоқ, Ватанга садоқат ва ўзига қатъий ишонч руҳида тарбиялаш, ўқиши, интизоми ва жисмоний кўрсаткичлари паст ўқувчиларга юқори натижаларга эришишда кўмаклашиш;
  • давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;
  • ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва ташқаридан «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш – «Ватан таянчи» ҳаракатининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати – давлат муассасасидир. Унинг асосий таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳисобланади.

Давлат умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида таркиби 20 нафар 10-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлган «Ватан таянчи» отрядлари тузилади. Уларнинг фаолияти «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан мувофиқлаштириб борилади.

«Ватан таянчи» отрядларига давлат умумтаълим мактаблари ўқувчилари ихтиёрийлик асосида аъзо бўлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech