Адвокатура институтини ривожлантиришда адвокатлар касбий ассоциацияларининг роли

Шу мавзуда пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent city” меҳмонхонасида халқаро адвокатлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда қўшни давлатлар ҳамда АҚШ, Германия, Словения ва бошқа хорижлик адвокатлар, экспертлар, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари, суд-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, экспертлар, юртимизда фаолият юритаётган адвокатлар ҳамда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад адвокатларнинг касбий бирлашмалари фаолиятини ташкил қилиш, адвокатлар ўртасида узлуксиз таълимни йўлга қўйиш, адвокатларга нисбатан интизомий амалиёт ва адвокатлик фаолиятининг кафолатлари юзасидан хорижий мамлакатлар адвокатлик ҳамжамияти вакиллари билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда экспертлар фикрларини таҳлил қилишдан иборат.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этиб, маъруза қилди.

Қайд этилганидек, адвокатуранинг замон билан ҳамнафаслигини таъминлаш, уни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, хорижий мамлакатлар адвокатлик ҳамжамияти вакиллари билан тажриба алмашиш, рақамлаштириш даврида адвокатлик фаолиятининг истиқболлари тўғрисида хорижий ва маҳаллий эксперт гуруҳларининг фикрларини таҳлил қилиш ҳамда соҳада юзага келаётган муаммоларга биргаликда ечим излаш бугунги адвокатуранинг энг долзарб масалаларидан саналади.

Конференция давомида иштирокчилар адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, адвокатура институтининг касбий бирлашмаси бўлган Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда адвокатлик тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, адвокатура институтининг энг сўнгги ислоҳотлари хусусида фикр алмашдилар. Бўлиб ўтаётган анжуманда маҳаллий мутахассислар ва хорижий экспертларнинг кун тартибидаги мавзулар бўйича маърузалари тингланди.

Якунда конференция иштирокчилари ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва тадбирлар ҳақида фикр алмашиб, суд-ҳуқуқ ва адвокатура соҳасида ўзаро истиқболли ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech