NCA: АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги инклюзив ҳамкорлик сари
Вашингтонда ўтказиладиган Қўшма Штатлар, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокидаги C5+1 саммити давомида ушбу форматнинг 10 йиллиги ҳам нишонланади, дея хабар берган “News Central Asia” нашри.
Муаллиф Тариқ Саид ёзишича, етакчилар иқтисодий барқарорликдан хавфсизликкача, барча умумий устувор йўналишлар бўйича якдил фикрни илгари суриши ва умуман ҳар қандай самарали мулоқот Марказий Осиё тараққиётига хизмат қилишини таъкидлаган.
– Бу ҳазилакам тадбир эмас, – деб ёзади муалиф. – Маълумки, Марказий Осиёнинг географияси ва тарихи минтақани Хитой, Россия, Эрон, Афғонистон каби яқин давлатлар билан табиий яқин муносабатни тақозо этган. Хусусан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси инфратузилмага миллиардлаб маблағ сарфлади, Россиянинг энергетика ва хавфсизлик билан боғлиқ лойиҳалари ҳам ҳудуд ривожида муҳим ўрин тутади. АҚШ сиёсатчиларининг мақсади мазкур интеграция жараёнига халақит бериш эмас, балки бу муносабатларни сақлаб қолган ҳолда Америка сармояси учун ҳам жой ажратиш. Зеро, инклюзив ёндашув АҚШ манфаатига ҳам хизмат қилади. Масалан, технология, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хусусий сектор гигантларига Марказий Осиёнинг улкан салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Минтақанинг “Толибон” ҳукумати остидаги Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсатини олайлик. Марказий Осиё давлатлари ушбу мамлакат билан мустаҳкам иқтисодий алмашинувни сақлаб қолиб, ҳудудга барқарор гуманитар ёрдам кўрсатмоқда. Бундай мувозанатли стратегия чегара ортидан гиёҳванд моддаларнинг эҳтимолий тошқини, экстремизм ёки терроризм тарқалишини тўхтатишга ёрдам берди. Демак, минтақавий барқарорлик калити иҳоталаш эмас, балки жалб қилишда экани аён.
Американинг ҳақиқий кучи хусусий секторда.Мамлакатшу орқали Эрон ва Россия бозорига қайта киришдан улкан фойда кўради. Айни мақсад рўёби учун кўприк вазифасини бажарадиган, бугунги кунда янада теран боғланган Марказий Осиё мазкур имкониятни фақат кенгайтиради, минтақани Вашингтон учун янада кучли, ишончли ҳамкорга айлантиради.
Трамп маъмуриятининг мослашувчанлиги сўнгги пайт Пусан сулҳидан тортиб, кенг кўламли дипломатик бурилишгача тўлиқ намоён бўлди. C5+1 музокараси бу жараёнга уйғунлашишидан умид бор.
Хавфсизлик ва иқтисодий масалалар кун тартибида етакчи ўринни эгаллаши, муҳим фойдали қазилмалар ҳамкорлик учун асосий йўналиш сифатида илгари сурилиши кутиляпти. Ресурслар ва йўналишлардан ташқари, саммит сувдан фойдаланиш ва иқлим барқарорлиги каби умумий долзарб муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Орол денгизи қуриши экология муаммолари ҳаддан ошиб кетаётганини яққол эслатади. Бу борада Американинг яшил технология соҳасидаги тажрибаси минтақавий саъй-ҳаракатлар билан мос келиши тайин.
Марказий Осиёнинг кўп қиррали дипломатиясини тан олиш, кучларни бегоналаштирмасдан мувозанатлаш орқали АҚШ глобал барқарорликни таъминлаш, фаровонликни оширишга ҳисса қўшади.
Вашингтондаги саммит шунчаки учрашув эмас, балки янада чуқур ҳамкорликка асосланган дунё тартибида бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Ў.Алимов тайёрлади.
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский