Ҳар қандай жамиятнинг давлат органларига бўлган ишончи, аввало, давлат хизматчиларининг жамоатчиликка очиқлиги, ҳисобдорлиги ва юксак мулоқот маданиятида намоён бўлади. Бу борада ОАВ воситалари билан ҳамкорлик аҳамиятли бўлиб ушбу жараён Ўзбекистонда охирги ўн йилда фаоллашди. “Ҳукуматга кириш” учун “эшиклар”лар очилди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим қарорларни қабул қилишда халққа ўз позициясини билдириш учун шарт-шароит яратилди.
Табиийки, бошқарувдаги ушбу бурилиш давлат хизматчиларининг касбий кўникмаларини ривожлантириш заруратини пайдо қилди. Ушбу мақолада давлат хизматчилари ва ОАВ ўртасидаги мулоқотнинг бир қисми, яъни, ноқулай ёки провокацион саволлар негизида мулоқотни ташкил этиш, ушбу типдаги саволларга жавоб бериш усуллари ривожланган демократик давлатлар амалиётлари асосида таҳлил қилинади ва тавсиялар берилади.
Яқинда ижтимоий тармоқ орқали расмий интернет нашрининг ҳокимлик биносига кириб, масъул раҳбарни провакацион саволларга тутаётгани видеоси эълон қилинди. Огоҳлантирилмаган “ташриф” ва провакацион саволлар олдида, табиийки, масъул “қотиб қолди”. На журналист профессионал фаолият нормаларига риоя қилди ва на давлат хизматчисининг бу ҳолат бўйича касбий кўникмаси кўзга ташланди. Ваҳоланки, бугун ушбу соҳанинг ҳуқуқий базаси анча мустаҳкамланган. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги каби бир қаторқонунлар, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексда ҳам йўналишдаги муносабатлар тартибга солинган. Шунга қарамай, давлат хизматига оид профессионал касб этикаси, жумладан, холисликка амал қилмасдан эълон қилинаётган материаллар сони кўзга ташланяпти.
Замонавий жамиятда давлат бошқаруви тизимининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашда ОАВ муҳим ижтимоий институт сифатида фаолият юритади. ОАВ нафақат ахборот тарқатиш, балки жамоатчилик фикрини шакллантириш, давлат сиёсатининг мазмунини кенг аҳоли қатламига етказиш, халқ ҳамда давлат ўртасида мулоқот кўприги воситаси сифатида ҳам хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, давлат хизматчилари ва журналистлар ўртасида самарали ҳамкорлик — замонавий бошқарув амалиётининг ажралмас қисмига айланди.
Ушбу муносабат иштирокчиси кимлар?
Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчисидир (“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун, 10-модда). Журналист эса меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахс. (Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, 3-модда). Ҳар қандай қонунчиликка кўра, улар шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт. “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари” га кўра, давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши кераклиги белгилаб қўйилган. Провокацион саволлар эса атайлаб шубҳа уйғотувчи, тажовузкор ёки жавоб берувчини қаттиқ ҳолатга солиш учун бериладиган саволлар. Бундай саволлар кўп ҳолларда одатда ҳақиқий жавобни олишга эмас, балки шов-шув чиқаришга қаратилади.
Тадқиқотларга кўра, журналистлар провокацион саволларни бир неча сабабларга кўра беришади. Бунинг ичида жамият манфаатларини ҳимоя қилишдан тортиб, шахсий ёки оммавий ахборот воситаси имижини оширишгача бўлган мақсадлар бор. Кўп ҳолларда улар давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқликни таъминлаш, масъул раҳбарнинг лидерлик салоҳиятини баҳолаш, аудиторияни жалб қилиш, жамоатчилик манфаатини ҳимоя қилиш ва манипулятив мақсадлар учун провакацион саволлардан фойдаланишади. Баъзи ҳолларда саволлар “ҳақиқат излаш”дан кўра “қарама-қаршилик яратиш”га ҳам хизмат қилади. Бу профессионал журналистиканинг этикасига зид. Бироқ, амалиётда учрайди.
Бундай саволлар кўпинча жамоатчилик билан учрашувларда, матбуот анжуманларида, ОАВда ва ижтимоий тармоқларда берилади. Мисол учун, "Ҳақиқатни айтишга тайёрмисиз ёки сиз ҳам бошқалар кабими?", “Сиз фақат қоғозда ислоҳот қиляпсизми?, “Нега оддий мактабларда дарс сифати паст ва нега у мактабда сизни фарзандингиз ўқимаяпти?” каби шунга ўхшаш саволлар берилади. Бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш бўйича халқаро стандартлар мавжуд. Дейлик, давлат хизматчилари учун мулоқот стратегиялари ва жамоатчилик билан самарали алоқа ўрнатишга қаратилган тадқиқотлар олиб борган Роберт Гибсоннинг "Провокацион саволларга дипломатик жавоб бериш" модели машҳур. Р.Гибсон давлат хизматчиларига провокацион саволларга жавоб беришда қуйидаги стратегиялар тавсия этган:
Жавобни кечиктириш: Агар савол жуда ноқулай ёки хато бўлса, унинг аниқлигини текшириш ва жавоб беришдан олдин вақт олиш тавсия қилинади.
Жавобни рад этиш: Агар савол давлат сири ёки хизматчининг касбий позициясини бузса, уни рад этиш мумкин.
Жавобни юмшатиш: Агар саволга жавоб бериш керак бўлса, уни юмшатиб, дипломатик тилда жавоб бериш керак бўлади.
Жавобни қайта шакллантириш: Саволга тўғридан-тўғри жавоб бериш ўрнига, унга ўхшаш бошқа мавзудаги савол билан жавоб бериш мумкин.
Жавобни ҳаддан ташқари рад этиш: Агар савол ёлғонга қурилган бўлса, уни рад этиш ва бу ҳақда умуман маълумот бермаслик мумкин. Бу стратегиялар давлат хизматчиларининг мулоқот давомида профессионаллигини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Соҳада ўтказилган тадқиқотларга кўра, хорижий мамлакатларда айрим юқори лавозимдаги шахсларда “дистанцияли дипломатик нутқ” кўриниши шаклланган. Аммо кўп ҳолатларда хизматчилар сўз эркинлиги ва танқидий саволларга муносабатда ҳимоявий ёки эмоцияга асосланган жавоблар беришади. Бу ҳолат матбуот анжуманлари ва жонли эфирларда яққолроқ кўзга ташланади. Таҳлилларга кўра, хорижий мамлакатларда бундай ҳолатларга нисбатан институционал ёндашув мавжуд бўлиб, хизматчилар доимий равишда “кризис коммуникация” ва “жамоатчилик олдида сўзлаш” бўйича тайёргарликдан ўтишади. Жумладан, малакали давлат хизматчилари иштирокидаги матбуот анжуманлари, интервьюлар “контент-таҳлил”дан ўтказилади. Давлат хизматчилари иштирокида саволномалар ўтказилиб, шундай типдаги интервьюлар юзма-юз ташкил этилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики(манба), провакацион саволларга пухта жавоб бериш — давлат хизматчисининг касбий салоҳияти, эмоционал интеллекти ва стрессни бошқариш қобилиятига боғлиқ. Энг кўп провокацион саволлар коррупция, хизматдаги қоидабузарликлар ва адолатсизлик мавзуларига оид эканлигини контент таҳлиллар кўрсатган.
Мутахассислар давлат хизматчиларига ОАВнинг ноқулай ва провакацион саволларига жавоб бериш жараёнида қуйидагиларга амал қилишни тавсия қилади(манба):
- Аниқ маълумотлардан фойдаланинг;
- Профессионал ибораларга эътиборли бўлинг (кўп ишлатманг);
- Савол бошида журналист ноўрин(ҳақиқатдан йироқ) ишлатган фактларга аниқлик киритинг;
- Сизни асосий масаладан чалғитувчи сўзларга эътибор берманг;
- Журналист сизнинг номингиздан беришини ўзи истаётган “иқтибос”га ҳушёр бўлинг;
- Рақобатчиларингизни танқид қилманг;
- Журналист орқали аудитория билан мулоқот қилаётганингизни ёдда тутинг;
- Мулоқот охиригача ўзингизни табиий тутинг;
- Жавобингиз фақат ахборот бериш эмас, кўпроқ таҳлилий фикрлардан иборат бўлсин;
- Адабий тил нормаларига риоя этинг;
- Аниқ “ҳа” ёки “йўқ” деган жавобни имкон қадар ишлатманг;
- Жавоб бераётганда ўзингизни ҳимоя қилаётгандек тутманг;
- Бир фикрдан иккинчисига тезда ўтиб кетишга шошилманг (орада кичик пауза қилинг);
- Журналист билан тортишманг;
- "уч сония қоидаси"ни қўлланг. Жавоб беришдан олдин нафас олинг, танангизни тик тутинг ва сўз бошланг;
- Шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ саволларга жавоб бермасликка ҳақлисиз.
- Нейтраллик ва эмоционал барқарорликни сақланг.
- Этика ва профессионал стандартларга амал қилинг.
- Саволни муаллақ қолдирманг(шахсий ҳаётингизга тегишли маълумотлардан ташқари).
Шу ўринда мавзуга доир, амалиётда муҳокама бўлган кейсни кўриб чиқамиз.
Давлат хизматидаги масъул раҳбар жойига чиқиб, тегишли ижрочилар билан бирга қурилиш сифатини текширяпти, яъни хизмат фаолиятини олиб боряпти. ОАВ вакили келиб, унга провакацион саволлар бера бошлади. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, ОАВ эркин ва қонунга мувофиқ иш олиб боради. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини, оммавий ахборот воситаларининг мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади. Демак, журналист қонуний фаолият олиб бормоқда.
Энди ҳолатнинг иккинчи томонини ҳам кўриб чиқамиз. Айни шу қонуннинг 351-моддасига кўра, “Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади. Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади. Демак, сиз ОАВ вакилининг мурожаатига жавоб бериш учун кўпи билан етти кун муддат олишга ҳақлисиз. Қолаверса, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга кўра(198-модда), ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш таъқиқланади. Демак, хизмат фаолиятингизни олиб бораётган даврда ушбу ҳуқуқингиздан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, замонавий давлат хизматчиси фаолиятига қўйилаётган талаблар фақат самарадорлик билан чекланиб қолмай, балки очиқлик, шаффофлик, институционал ҳисобдорлик ва жамоатчилик олдида жавобгарлик каби демократик бошқарув тамойилларига ҳам асосланади. Бу эса давлат хизматчисидан нафақат ахборотни узатиш, балки ижтимоий коммуникация жараёнида фаол иштирок этиш, ОАВ орқали жамоатчилик билан интерактив мулоқот олиб бориш қобилиятини ҳам талаб қилади. Бундай шароитда, ноқулай ёки провокацион дискурс шаклидаги саволлардан қочиш эмас, аксинча, уларга касбий стандартлар ва когнитив компетенциялар асосида муносиб жавоб беришни — халқ ишончини мустаҳкамлаш имконияти сифатида қабул қилиш лозим. Ушбу икки томонлама ҳамкорлик — давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатни сақлаш, фуқаролар фаоллигини рағбатлантириш ҳамда самарали бошқарув муҳитини яратади. Давлат хизматчилари ўз вазифаларини астойдил, онгли равишда амалга оширса, табиийки, ОАВнинг ҳар қандай профессионал жавоб бериш имконияти ҳам кенгаяди. Натижада, давлат бошқарувида интерактив мулоқот, транспарент механизмлар(шаффофликни таъминловчи усуллар) ва жамоатчилик билан ижобий алоқалар ривожланади.
Гулчеҳра АШУРОВА,
мустақил тадқиқотчи
ЎзА
- Қўшилди: 17.06.2025
- Кўришлар: 148
- Чоп этиш