АҚШ Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Бош Ассамблеянинг юбилей – саксонинчи сессияси иш бошлади. Дастлаб анжуман доирасидаги дастлабки муҳим тадбир – Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган махсус мажлис бўлиб ўтди.
Маълумки, 1995 йил 15 сентябрь куни ўтказилган Хотин-қизлар аҳволи бўйича Тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинган. 2015 йил 25 сентябрда эса Бош Ассамблея тегишли резолюция қабул қилиб, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини белгилаб берди.

Мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда давлатларнинг аёллар ва қизлар инсон ҳуқуқидан тўлиқ ва тенг равишда фойдаланишини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш борасидаги мажбурияти мустаҳкамланган.
80-сессия Президенти германиялик Анналена Бербок дунё хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ташаббуслар хусусида атрофлича сўз юритди.
Бош котиб Антониу Гутерриш нутқ сўзлаб, Пекин декларациясининг глобал аҳамиятига алоҳида урғу берди:

– Ўттиз йил муқаддам дунё ҳамжамияти аёллар ҳуқуқи иккинчи даражали ёки савдолашув объекти эмас, балки инсон ҳуқуқининг ажралмас қисми эканини тасдиқлаган эди. Шу нуқтаи назардан Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси – хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаш бўйича кенг қамровли ва юксак глобал сиёсий мажбурият.
Кейинги ўттиз йил мобайнида ҳуқуқий ҳимоя, сиёсий иштирок, таълим, оналар саломатлигини сақлаш, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш каби йўналишларда муайян ютуқларга эришилган бўлса-да, дунёда ҳали бирор давлат тўлақонли гендер тенгликка эриша олгани йўқ. Ваҳоланки, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 5-си айнан гендер тенглик.
Замонавий таҳдид ва янги вазифалар
БМТ раҳбари глобал можаролар, иқлим офатлари ва тизимли маданий тўсиқлар аёллар ҳуқуқини чеклаётгани, шунингдек сунъий интеллект ва рақамли технология соҳасида гендер тенгсизлик хавфи кучайиб бораётганига эътибор қаратди.
Гутерриш таъкидлаганидек, аёлларнинг илм-фан, технология, муҳандислик ва математика соҳаларидаги фаол иштироки устувор вазифага айланиши зарур. Зеро, хотин-қизлар қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши – уларга берилган имконият эмас, балки табиий ҳуқуқ ҳисобланади.
Янги сиёсий декларация ва келгуси режалар
Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссия йил бошида Пекин декларациясини тўлиқ амалга ошириш мажбурияти белгиланган янги сиёсий декларация қабул қилди. Шу муносабат билан Бош котиб барча давлатларни аёллар ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, улар таклиф этган ечимларни ҳаётга татбиқ этиш ва айни жараёнга амалий сармоя киритишга чақирди. Бу, ўз навбатида, Пекин платформасининг 30 йўналишини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий имкониятни кенгайтириш ҳамда аёллар ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жаҳон ташкилоти раҳбари хулоса сифатида XXI асрда тинчлик, фаровонлик ва тараққиётнинг муҳим шарти – аёл ва эркак учун тенг ҳуқуқ, имконият таъминлаш.
БМТ юбилей сессияси доирасида ўтган мазкур тадбир Пекин декларациясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш барча давлатлар олдидаги умумбашарий масъулият бўлиб қолаётганини яна бир бор исботлади.
Илк сессияда мазкур соҳада эътиборга молик ютуқларга эришаётган, етарли тажриба тўплаган давлатлар етакчи аёллари ҳам маъруза қилмоқда.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
- Қўшилди: 23.09.2025
- Кўришлар: 136
- Чоп этиш