Ўзбекистон Марказий Осиёда логистика марказига айланмоқда

Муносабат

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон замонавий транспорт йўлаклари ва логистика ечимларини ривожлантириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатда барқарор транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилда ҳамкорлар билан “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланди, “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди. Халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун ўзаро мувофиқлашган ҳаракатлар давом этмоқда. Буни “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва уни қурилаётган "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўл магистрали билан туташтириш лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Президентининг Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий туризм ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки ва унда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар келгусида халқаро ҳамкорлик ривожига ҳамда Марказий Осиёда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшиши билан янада аҳамиятлидир.

Қолаверса, мамлакатимизнинг кўп векторли транспорт стратегияси аллақачон ўзининг аниқ натижаларини бера бошлаган. Транзит ҳажми ошиб бормоқда, Ўзбекистоннинг Евроосиё асосий логистика маркази сифатидаги роли мустаҳкамланмоқда. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқлигига қарамай, мамлакат географик чекловларни муваффақиятли енгиб, уларни глобал жаҳон иқтисодиётига интеграциялаш йўлида стратегик устунликка айлантиряпти.

Жумладан, 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида янги стратегик “йўл харитаси” қабул қилинган эди. Унинг мақсади ҳам минтақанинг ЕИ билан транспорт ва хомашё интеграциясини кучайтириш ва Транскаспий йўлаги орқали жаҳон бозорларига хавфсиз чиқишни таъминлашдан иборат. Шу боис, ушбу мақсад ва “йўл харитаси” ҳам Аваза сиёсий декларациясига ҳамоҳангдир.

Қолаверса, Туркманистонда ўтказилган учрашувлар Марказий Осиё давлатлари учун муҳим воқелик бўлди. Бу учрашувларда минтақа етакчилари ўзаро мулоқот олиб борди ва бу орқали қўшничилик, иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик борасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланди. Айнан шундай ташрифлар орқали биз, минтақадаги қўшни давлатлар, бир-биримизни яхши тушунамиз ва келажакдаги ривож учун умумий йўналишларни белгилаймиз. Шу жиҳатдан қараганда, Озарбайжоннинг ушбу мулоқотларга қўшилиши жуда катта аҳамиятга эга. Чунки у нафақат қўшни давлат, балки минтақада муҳим иқтисодий ўринга эга ҳамкор ҳисобланади.

Боиси, Озарбайжон билан ҳамкорлик мамлакатларимиз иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб, ўзаро фойдали муносабатларни ривожлантириш имконини беради. Хусусан, ҳудудий инфратузилмаларни биргаликда қуриш орқали товарлар айланмасини кўпайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини самарали ривожлантириш мумкин.

Умуман олганда, Аваза конференциясида Ўзбекистон етакчиси томонидан логистика соҳасини ривожлантиришга оид аниқ ташаббусларнинг илгари сурилиши Марказий Осиё, хусусан, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатлар учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар ҳисобланади. Шу боис, Туркманистонда ўтказилган учрашувларни нафақат амалий ташриф, балки келажакка қаралган, аниқ мақсадлар асосида қурилаётган ҳамкорликнинг ёрқин намунаси дейиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, биз бир-биримизни қўллаб-қувватласак, ҳамкорликни мустаҳкамласак ва умумий манфаатларни кўзласак Марказий Осиё ва унга туташ давлатлар барқарор ва гуллаб-яшнаган минтақага айланади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech