Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ЮНЕСКО ҳамкорлигида 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилган "Марказий Осиё жаҳон цивслизациялари чорраҳаси" халқаро маданият форуми доирасида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг айнан шу мавзуга бағишланган V Конгресси бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари академик Акмал САИДОВ билан мазкур конгресснинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
— Акмал Холматович, кейинги вақтда ўзбекистонлик ҳамда хорижий экспертлар Янги Ўзбекистон ҳақида ўз фикрларини билдиришмоқда. Бу тушунча “Учинчи Ренессанс” ибораси билан уйғунлашиб кетмоқда. Шулар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсангиз.
— Ушбу саволнинг жавоби мамлакатимиз Президентининг “Янги Ўзбекистон стратегияси" номли китобида кенг ёритиб берилган. Бу китобда Янги Ўзбекистон пойдеворини қуриш тамойиллари ва “Учинчи Ренессанс” ҳамда миллий ривожланиш истиқболлари ҳақида сўз боради.
Таъкидлаш керакки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожпантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларини изчил амалга ошириш натижасида Янги Ўзбекистоннинг жадал қурилиши ва янги Уйғониш даври пойдеворининг шаклланиши натижасида Учинчи Ренессанс қайд этилган.
Республика раҳбари Янги Ўзбекистон биз учун қандай давлат эканлигини таъкидлайди:
биринчидан, унинг асосий мақсади кўп миллатли халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашдир. Бу инсон омили қадрланувчи очиқ фуқаролик жамияти ва фуқаролар ҳақида қайғурадиган халқпарвар давлатдир;
иккинчидан, демократия, эркинлик, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тан олинган меъёрларга мос ва хос тарзда ривожланаётган, халқаро ҳамжамиятлар билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик ришталарига таянадиган давлатдир.
Мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, “Учинчи Уй-ғониш даври”ни яратиш ғояси фавқулодда келиб чиққан эмас.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди қадимги даврда ва Ўрта асрларда иккита ренессанс даврига бешик бўлган.
♦ IХ-ХII асрлардаги Биринчи янгиланиш даври Ўзбекистон Президенти томонидан “маърифатпарвар” давр деб эътироф этилди. Таниқли швейцар шарқшуноси, арабнавис Адам Мец томонидан бу давр “Мусулмон Ренессанси” даври дея қайд этилган.
Айнан шу даврда Шарқда донг таратган Маъмун академиясида таҳсил олган буюк олимлар, қомусий билимга эга аллома-ю файласуфлар яшаб ўтган.
Ўша даврда Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний аниқ фанларнинг ривожланишига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшдилар. Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Абу Бакр аш-Шоший, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа аждодларимиз дунёсида тан олинган буюк асарлар инсон тафаккури хазинасини ниҳоятда бойитди, ислом қонунчилигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
♦ ХIV-ХV асрлардаги Иккинчи Уйғониш даври –Темурийлар даврида Амир Темур яратган ва 27 давлатни бирлашгирган буюк салтанатнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу даврда Амир Темур дунёнинг турли минтақаларидан келган олимлар, ёзувчилар, меъморлар ва ҳунармандларни Самарқандда тўплади ва фан, таълим ҳамда турли касблар ривожини рағбатлантирди.
Унинг набираси, буюк математик, астроном, маърифатпарвар шоир ва қомусий олим Мирзо Улуғбек энг муҳим расадхоналардан бирига асос солган, бой кутубхона қурдирган ва Самарқандда олимлар мактабини ташкил этган. Яқинда биз Улуғбек мадрасасининг 600 йиллигини кенг нишонладик.
Унинг бутун ҳаёти давомида яратган машҳур асари – юлдузлар солномаси “Зижи Улуғбек” (“Зижи-Кўрагоний") бутун инсоният учун керакли асарга айланди. У мамлакатдаги олий таълим тизимини ривожлантириш ҳақида қайғурди, одамларни илмга чорлади, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг “Илмга интилиш ҳар бир мусулмон ва муслиманинг бурчидир”, деган машҳур ҳадисини изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилди. Унинг ташаббуси билан мадрасаларда математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижгимоий, гуманитар, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш йўлга қўйилди.
Алишер Навоий, Али Қушчи, Салоҳиддин Мусо Ибн Маҳмуд (Қозизода) Румий, Муиниддин, Мансур Коший, Муҳаммад Биржандий, Камолиддин Беҳзод, Мирим Чалабий каби олим-у алломалар мероси нафақат минтақамиз маънавий тараққиётида, балки жаҳон цивилизацияси тарихида ҳам муҳим роль ўйнаган.
Шарқнинг ҳар иккала Уйғониш даври ҳам буюк аждодларимизнинг илм-фан, маърифат, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик ҳақидаги олижаноб ғоялари билан суғорилган, умуман инсоният тарихида ноёб ҳодиса дея эътироф этилган.
Бу ҳақида сўз кетганда, қадимги юнонлар ҳамда немис файласуфи Георг Вильгелм Фридрих Гегель “Шарқдан таралган ёруғлик" деган иборани қўллашган. Саъдий Шерозий: “Бутун инсоният бир бутун яхлитликни ташкил қилади. Кимки бировга тегинса, у мени ҳам туртган бўлади. Кимки кимнидир хафа қилса, мени ҳам хафа қилади” дея таъкидлаган. Инглиз шоири Жон Донн эса шундай ёзади: “Ҳеч ким оролга ўхшамайди, ҳар бир киши қитъанинг бир қисмидир”.
Шундай қилиб, Шарқ Уйғониш даврининг ютуқлари Ғарбий Европанинг алоҳида маданий ва интеллектуал ривожланиш даврига, хусусан, ХIV-ХVI асрлардаги Италия Уйғониш даврига бевосита таъсир кўрсатди. Бу, айниқса, чегарадош мамлакатлар: Кордова (Испания), Кавказ, Болқон ярим ороли учун айни муддао бўлди.
Европаликлар Шарқ олимларининг асарларини лотин, испан, иврит ёки тўғридан-тўғри араб тилига таржима қилиш орқали ўрганишган. Ва бу асарлар бизнинг давримиэда, Ўзбекистон Мустақиллиги йилларида янада чуқурроқ маънога эга бўлди.
Шарқнинг икки Уйғониш давридаги бу улкан ютуқлари “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги 50 та янги китобда, видеолавҳаларда, тақдимотларда акс эттирилган. ЮНЕСКО томонидан нашр этилган 6 жилдли “Марказий Осиё тамаддунлари тарихи” китоби ҳудудимизнинг бой тамаддунлари тарихини ўрганишга бағишланган. Уни тайёрлашда ўзбек олимлари иштирок этган. Президентимиз мазкур китобни ўзбек тилига таржима қилиш ташаббусини илгари сурди.
Бугун биз Учинчи Уйғониш даври арафасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президенти томонидан сўнгги йилларда имзоланган таълим, илм-фан, маърифат ва маънавиятни ривожлантиришга оид қонунлар, фармонлар ва қарорларни, давлат дастурлари, илгари сурилган янги ташаббусларнинг моҳиятини чуқур ўргансак, Уйғониш даврининг кейинги маркази айнан Ўзбекистон бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
— Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?
— Ўзбекистон Президентининг ўзбек халқининг бой маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган ташаббусларидан келиб чиқиб, 2017 йилдан буён қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро конгресслар ўтказиб келинмоқда.
Юқорида айтиб ўтилганидек, айнан фан, таълим ва маданият мамлакатнинг Уйғониш даврига, жамият маънавиятини юксалтиришда, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгида ватанпарварлик туйғусини тарбиялашда асос бўлиши мумкин.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда таълимга, маънавий, ахлоқий тамойилларга эътибор қаратиш, ёшларда билимга интилиш, ўз-ўзини такомиллаштириш зарурлигини сингдириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Халқлар фаровонлигининг калити бу маърифат ва таълимдир. Айнан улар одамларни яхшиликка, бағрикенгликка ва хайрли ишларга ундайди. Бу ёндашув давр талабидир.
Хусусан, булар Парижда рўйхатдан ўтган Бутунжаҳон жамияти ўз олдига қўйган вазифалар бўлиб, унинг мақсадлари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган. Ҳозирда Бутунжаҳон жамияти ўз таркибида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан, хусусан Россия, АҚШ, Германия, Италия, Венгрия, Франция, Буюк Британия, Туркия, Япония, Албания, Австрия, Афғонистон, Қозоғистон, Греция, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Эрон, Хитой, Ливан, Мўғулистон, БАА, Нидерландия, Украина, Польша, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан 350 дан ортиқ олимлар, экспертлар ва юқори малакали тадқиқотчилар, тарихчилар, шарқшунослар ҳамда қуръоншуносларни бирлаштиради.
Ўтган йили Бутунжаҳон жамиятининг 2025 йилгача бўлган фаолияти йўл харитаси қабул қилинди. Унинг доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш, Ўзбекистон ҳудудида яратилган ёки Ватанимиз билан бевосита алоқадор бўлган, лекин тақдирнинг иродаси билан хорижий давлатлар ҳудудида, чет эллардаги музейларда, кутубхоналарда ёки шахсий коллекцияларда сақланаётган маданий меросимиз тўғрисида маълумот тўплаш бўйича беқиёс ишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан, мен Бутунжаҳон жамияти аъзоларига бу борада Ўзбекистонда ва чет элларда олиб борилаётган тадқиқотлар, турли илмий экспедициялар ва конференциялар, тақдимтлар, ташкиллаштирилаётган медиа-тадбирлар, медиа-маҳсулотлар, нашр қилинаётган китоб ва альбомлар учун миннатдорлик билдираман.
- Бутунжаҳон жамиятининг 2021 йилдаги фаолияти қандай аҳамият касб этди?
- Қайд эгиш керакки, Бутунжаҳон жамияти томонидан ташкиллаштирилаётган тадбирлар ҳамда конгресслар жараёнида кўрилаётган масалалар доираси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Диёримизда Ўзбекистон маданий мероси ҳафталикларини ташкил этиш анъанага айланди. Жорий йилга ҳафталик қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга бўлди.
Биринчи хусусият – маданий мерос ҳафталиги мамлакатимизнинг уч ҳудуди — Тошкент, Хива ва Нукусда ўтказилди.
Ииикинчи хусусият – V Конгрессдан ташқари қуйидагилар ҳам ташкил этилди:
Биринчидан, “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” номли Халқаро маданий форум бўлиб ўтди.
Ушбу форумни 2021 йил 15-16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти билан биргаликда ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган. Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси ЮНЕСКО халқаро ташкилоти бош директори Одри Азуле томонидан қўллаб-қувватланди.
Иккинчидан, мамлакатимизда ноёб санъат дурдоналарининг тақдимотига бағишланган 10 га яқин кўргазма ташкил этилди, хусусан:
“Камолиддин Беҳзод миниатюралари” фотокўргазмаси;
Ж.Усмоновнинг “Алишер Навоий шеъриятига асосланган тафаккур метафизикаси” номли рассомлик санъати ва мультимедиа лойиҳаси кўргазмаси;
Ўрта Осиё маданияти тадқиқотчиси, археолог Л.Баршевскийнинг “Ўзбекистоннинг 100 машҳур қўлёзмаси” мавзусидаги кўргазмаси;
“Замонавий илм-фанда 3D технологиялар" кўргазмаси шулар жумласига киради.
Учинчидан, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” жамланмасига оид ўзбек санъати дурдоналарига бағишланган 50 та ноёб китоб-альбом жаҳон ва мамлакат тўпламларида тақдим этилди.
Шунингдек, 50 та китоб-альбом тўпламини диёримиздаги музейлар, галереялар, таълим муассасалари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва консулликларига топшириш маросими ўтказилди.
Тўртинчидан, Нукус бахшилик мактабида “Бахшилик санъатининг жаҳон маданияти тамаддуни (цивилизацияси)да тутган ўрни” халқаро илмий-назарий коференцияси, шунингдек, Нукус шаҳрида “Бахшилик санъати” халқаро фестивали ўтказилди.
Бешинчидан, Нукусда ЮНЕСКО шафелигида “Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Учинчи хусусият — V Халқаро конгресс иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қабул қилди. Унда, хусусан, қуйидагилар қайд этилган:
Биринчидан, Ўзбекистон Президенти эълон қилган — Ўзбекистонда Учинчи Уйғониш даври (Ренессанс) ривожи учун шароит яратишга қаратилган миллий ғоя, аввало, пухта ўйланган маданий сиёсатга асослангани чуқур ҳурматга сазовор. Миллий маданият соҳасидаги тизимли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, илмий ва маърифий ишлар янгича кучлар таъсирида тараққий этмоқда, халқ ижодиёти давлат даражасида қўллаб-қувватланмоқда, номоддий меросни асраб-авайлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ушбу меросни асраб-авайлашга қаратилган сиёсати эътирофга сазовор. Сўнгги йилларда у кескин ўзгаришларга дуч келди, бу эса чинакамига улкан ва қудратли ҳаракатларни талаб қилди. Давлатимиз раҳбарининг аждодлар тажрибасини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш, уларнинг ютуқ ва муваффақиятларига ва эҳгиёткор муносабатда бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳаммамиз учун намунадир.
Учинчидан, ҳар йили Ўзбекистон Президенти илмий кучларни бирлаштиришга қаратилган ноёб ташаббусларни илгари суради. 2021 йилда бу ғоя Тошкент, Хива ва Нукусда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанс асоси” Бутунжаҳон жамиятининг V Конгресси ҳамда “Марказий Осиё жаҳон тамаддуни (цивилизациялари) чорраҳасида” халқаро форумини бирлаштирган маданий мерос ҳафталигини ўтказиш билан боғлиқ бўлди.
Тўртинчидан, Европа, Осиё ва Американинг турли мамлакатларидан келган экспертлар Президентимизнинг бу борадаги ноёб ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш соҳасида иш олиб бораётган конгресснинг ҳар бир иштирокчиси Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан, хусусан, бронза асридан буён ривожланиб келаётган бой маданияти борлигининг гувоҳи бўлади. Бу — мамлакатимизнинг энг бой маънавий ва моддий мероси ҳисобланиб, жаҳон тамаддуни учун абадий қадрият ҳисобланади.
Бешинчидан, форум меросни тобора ўрганиш ва асраш жараёнини замонавий даражага олиб чиқадиган янги ғоя ва мақсадларга туртки берди. Бутунжаҳон жамияти Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чин дилдан интилади.
- Халқаро анжуман учун нега айнан Хива танланди?
- Бунга камида 3 сабаб кўрсатишимиз мумкин.
БИРИНЧИ САБАБ: Хива — Буюк Ипак йўлидаги энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, таълим, фан ва маданият маркази ҳамда минг йиллар давомида дунё тамаддуни бешиги ҳисобланган.
ИККИНЧИ САБАБ: Хиванинг Ичан қалъа шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
УЧИНЧИ САБАБ: Халқаро Туркий тилли давлатлар ташкилоти – ТУРКСОЙ Хива шаҳрини турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилган.
Умуман олганда, Бутунжаҳон конгресси иштирокчилари, уларнинг тажрибаси, кучи ва Ўзбекистоннинг маданий тикланишига ёрдам беришга бўлган иштиёқи Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга, Янги Ренессанснинг яратилишига, халқнинг бахтли ва фаровон яшашига ҳисса қўшишига умид қиладилар.
Юлия САРИМСОҚОВА суҳбатлашди
Манба: "ДАРАКЧИ" газетаси
- Қўшилди: 06.10.2021
- Кўришлар: 5160
- Чоп этиш