Аввал хабар берганимиздек, Гулистон шаҳрида «Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хориж мамлакатлар тажрибаси» мавзусида онлайн ва офлайн шаклда халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Конференция халқаро шериклар - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) кўмагида бўлиб ўтмоқда.
Маълум қилинишича ушбу анжуман иштирокчилари мамлакатимиз ва дунёнинг 30 яқин нуқталарида туриб онлайн қатнашмоқда.
Вашингтон шаҳридан туриб анжуманда қатнашаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов кириш сўзи билан очди. У Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, мамлакатимизнинг сайлов тажрибасини жаҳон ҳамжамияти билан ўртоқлашиш хоҳиши асосий мақсадлардан бири деди.
Акмал Саидов шунингдек, сайлов, бу маълум бир бекат эмас, балки доимий ҳаракатдаги, такомиллашиб борадиган жараён деди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ушбу Президент сайловидан олдин ўтказилаётган мазкур конференция ҳам Ўзбекистонда 2016 йилда бошланган ислоҳотлар ва янгиланишларнинг амалий намунаси бўлди деб эътироф этди.
Конференцияда сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан тажриба ва фикр алмашинади. Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов меъёрларини тизимли ва изчил демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича эришилган натижалар, шунингдек, жамият ва давлат ҳаёти, чинакам демократия, адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар тўғрисида халқаро жамоатчилик ва экспертларни хабардор қилиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.
Халқаро конференция ишида парламент, суд тизими, Марказий сайлов комиссияси, мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлилий марказлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ, шунингдек, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари қатнашадилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Парламентлараро Иттифоқ, Россия ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар маркази вакили, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) ҳамда Қирғизистон Республикаси Тараққиёт сиёсати институти, Ж. Неру университети (Ҳиндистон) вакиллари маърузалари билан чиқиш қиладилар.
Якунда Ўзбекистоннинг сайлов сиёсати ва қонунчилигини такомиллаштиришга оид тавсиялардан иборат Гулистон ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилган.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
«Халқ сўзи»
- Қўшилди: 01.07.2021
- Кўришлар: 4163
- Чоп этиш