Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

“Times of Oman”: Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи мазкур мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хусусан, Ўмоннинг “Times of Oman” нашрида икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихи, бугунги ҳамкорлик ва унинг истиқболларига бағишланган мақола эълон қилинди.

“Ўзбекистон ва Ўмон: тарихий дўстликдан стратегик шерикликнинг янги даври сари” сарлавҳали мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг Масқатга давлат ташрифи ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан музокаралари икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Мақолада Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатларнинг шаклланиш тарихи ҳамда сўнгги йиллардаги ривожланиш суръати атрофлича таҳлил қилинган. Нашр маълумотларига кўра, Ўмон 1991 йил декабрда Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган, дипломатик муносабатлар эса 1992 йил 22 апрелда ўрнатилган. 2010 йилда Ўмоннинг Тошкентдаги, 2018 йилда эса Ўзбекистоннинг Масқатдаги элчихоналари очилган. Сўнгги йилларда сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашиб, 2024 йилда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Ўмонга, 2025 йилда эса Ўмон ташқи ишлар вазири мамлакатимизга ташриф буюрди. 2026 йил 30 июнда Масқат шаҳрида икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўққизинчи давраси бўлиб ўтди.

Шунингдек, мақолада савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичларига алоҳида урғу берилган. Хусусан, 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,3 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида бу кўрсаткич 3,3 миллион долларга етди. Нашрда келтирилишича, икки мамлакат яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказишни мақсад қилган.

Муаллиф Ўмон инвестицияларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрнига ҳам тўхталиб ўтган. Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат саноати, логистика марказларини модернизация қилиш ва замонавий меҳмонхоналар барпо этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўмоннинг “Atyab International Services” компанияси Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш ва сертификатлаш марказини ташкил этди.

Транспорт ва логистика соҳасидаги шериклик мақоланинг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрсатилган. 2026 йил июнь ойида Ўмоннинг “Asyad Group” компанияси Ўзбекистондаги “Universal Logistics Services” ва “Highway Logistics Center” логистика платформаларининг назорат пакетларини сотиб олиш бўйича битимни якунлади. Таъкидланишича, ушбу келишув Ўмон денгиз портларини Ўзбекистон транспорт тармоқлари билан боғлаш имкониятларини кенгайтиради. Айниқса, Соҳар, Салала ва Дуқм портлари орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда Африка бозорларига чиқиш Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, туризм ва маданий-гуманитар алоқалар ривожига ҳам эътибор қаратилган. 2026 йил 3 июлдан “Oman Air” авиакомпанияси Масқат – Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйди. Ўзаро визасиз сафар қилиш тартиби эса сайёҳлар ва ишбилармонлар учун қўшимча қулайлик яратмоқда.

Мақолада, шунингдек, Ўмон кўмагида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида замонавий кутубхона барпо этилгани, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида эса Ўмон Султонлиги тадқиқот маркази фаолият юритаётгани эътироф этилган.

“Times of Oman” нашри хулосасига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу ҳамкорлик Марказий Осиё ва Арабистон яримороли ўртасидаги ўзаро боғлиқликни янада кучайтиради.

Дилшод ҲАКИМОВ,

ЎзА

Nashr sanasi 18.11.2026 Ko'rishlar 292
Ulashish