Инсон қадрини улуғлаш орқали халқимизга муносиб шароит яратиш ислоҳотларимизнинг асоси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16-17 сентябрь кунлари Наманган вилоятида бўлди.

Икки кунлик сафар давомида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва ижтимоий соҳада ишга туширилган янги объектлар билан танишди. Вилоятни комплекс ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. 

Давлатимиз раҳбари 17 сентябрь куни “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форумининг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади. 

Президент Шавкат Мирзиёевдунёда кузатилаётган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик, иқлим ўзгаришлари таъсирида глобал иқтисодий ўсиш секинлашгани, оқибатда камбағал аҳоли сони ошганига эътибор қаратди. Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўяётгани таъкидланди.

Шундай мураккаб даврда Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.

Янгиланган Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, 2024 йилда бу кўрсаткич 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача камбағаллик даражасини 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани бунда муҳим омил бўлди. Шу йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши кутилмоқда. 

Янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди.

Аввало, манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди. Пандемия даврида бепул дори-дармон, ижтимоий нафақалар учун жами 8 миллиард долларлик маблағ ва имтиёзлар берилди. Натижада 5 миллион 200 минг нафар фуқаронинг “камбағаллик қопқони”га тушиб қолиши ҳамда иқтисодий рецессиянинг олди олинди.

Жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадини ошириш учун етарли ресурс ажратилди.

Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.

Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ажратиб берилди. Бу 800 минг инсоннинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.

– Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни икки карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти. Шуларни инобатга олиб, бугун янги, янада юқори маррани белгилаб олишга тайёрмиз. 2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор ва биз буни, албатта, уддалаймиз, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастурининг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталди. Бу дастур еттита устувор йўналишни қамраб олган.

Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.

Фаол инвестиция сиёсати туфайли шу йилнинг ўзида 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ янги корхона, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни ташкил этилмоқда.

Давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда. Шундай самарали ҳамкорлик туфайли жорий йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлган.

Иккинчидан, сифатли таълим асосида инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “драйвери” бўлиб қолади.

Хусусан, камбағал оила болаларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун барча шароит яратилади. Бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизи қоплаб берилади.

Сўнгги беш йилда 800 мингдан зиёд аҳоли замонавий касбларга ўқитилиб, юқори даромадли ишларга жойлаштирилган. Энди Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.

Учинчидан, хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш алоҳида эътиборда бўлади. Шу боис, талаба қизларга фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш имконияти яратилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлган.

Буни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот технологиялари, финтех ва сунъий интеллектга ўқитилади.

Жорий йил аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард доллар ажратилди. Келаси йили яна 2 миллион аёлни доимий даромадли қилиш чоралари кўрилади.

Тўртинчидан, инсон саломатлиги муҳофаза қилиниб, унинг имкониятлари тўлақонли юзага чиқарилмоқда. Жумладан, 140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилиб, улар йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

Бешинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Мазкур тизим тубдан ислоҳ қилиниб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни “бир дарча” тамойили асосида кўрсатадиган “Инсон” марказлари очилди. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив ишламоқда.

Шу йилнинг ўзида 2 миллион 700 минг аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Айниқса, камбағал оилаларнинг парваришга муҳтож аъзоларига янги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилгани 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли учун ишлаш имконини яратди.

Ижтимоий хизматлар сифати ва қамровини ошириш мақсадида Жаҳон банки билан 100 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилди. Имконияти чекланган болаларни мактаб ва касбий таълим билан қамраб олиш учун алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда.

Олтинчидан, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароитлар яратиш – кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.

Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шароити оғир мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Келаси йил маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. Бунда 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.

Еттинчидан, давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланмоқда.

Шу билан бирга, глобал миқёсда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 триллион доллардан зиёд маблағ зарур.

Бундай шароитда хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича “камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси”га эҳтиёж сезилмоқда.

Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида 2026 йилда Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида конференция ўтказилади.

Форумда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ингминг Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги бош вице-президенти Сачико Имото, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальва иштирок этди. Умуман, анжуманда 200 га яқин халқаро экспертлар қатнашди.

Тадбир доирасидаги сессияларда камбағалликни қисқартиришда бозор талаблари, ислом молиясининг имкониятлари, бизнес инклюзивлиги, инсон капиталига сармоя мавзуларида инновацион ёндашувлар муҳокама қилинди.

Халқаро форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида ушбу нуфузли халқаро молиявий ташкилот раҳбари форум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаб, ИТБ Ўзбекистонда камбағалликни янада қисқартириш борасидаги вазифаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар стратегиясини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Банк гуруҳи билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда ИТБ билан шериклик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 5 миллиард доллардан ошиб, бугунги кунда транспорт, инфратузилма, уй-жой қурилиши, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим каби устувор соҳаларни қамраб олган. Шу билан бирга, инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи хусусий секторга тўғри келади.

Давлатимиз раҳбари ИТБ билан лойиҳалар портфелини икки баробар кўпайтириш, инфратузилма, ижтимоий соҳа ва хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини оширишни назарда тутадиган узоқ муддатли Стратегик шериклик дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Хусусий бизнес салоҳиятини рўёбга чиқариш, мамлакатимиз ҳудудларида замонавий тиббиёт марказларини барпо этиш, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, ирригация каналларини тиклаш ва бетонлаш ҳамда бошқа йўналишларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкининг глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальвани қабул қилди.

Музокаралар аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банганинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда "Камбағалликдан фаровонлик сари" халқаро форуми муваффақиятли ташкил этилгани билан табриклади.

Жаҳон банки билан стратегик шерикликни, энг аввало, Барқарор ривожланишнинг биринчи мақсади бўлмиш камбағалликка қарши курашиш соҳасида янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ушбу глобал молиявий институт билан амалий ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакат дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон банкнинг макроминтақадаги етакчи ҳамкорларидан биридир. Лойиҳалар портфели 14 миллиард доллардан ошди.

Жаҳон банкининг фаол кўмагида камбағаллик даражасини аниқлаш методологияси ишлаб чиқилди. Айни пайтда Ўзбекистонда камбағаллик ва тенглик кўрсаткичлари биргаликда диагностика қилинмоқда.

"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш доирасида хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, шаҳар ва қишлоқларнинг ижтимоий инфратузилмасини модернизация қилиш, туризмни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ўз ичига олган қўшма лойиҳа тайёрлаш таклиф қилинди.

Хусусий сектор лойиҳаларини илгари суриш, ўрта муддатли ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, аҳолини рўйхатга олиш ва бошқа устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ингминг Янгни ҳам қабул қилди.

Учрашув аввалида вице-президент Ингминг Янг давлатимиз раҳбарига ОТБ раҳбари Масато Канданинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда форум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ушбу етакчи халқаро молиявий институт билан ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда ҳамкорликда юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда "яшил" энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар портфели 14 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Мамлакатимиз етакчиси ОТБ билан инфратузилма, давлат-хусусий шериклик, бизнес, ижтимоий соҳа ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ўз ичига олган кенг кўламли стратегик шериклик дастурини тайёрлаш муҳимлигини қайд этди.

Камбағалликка қарши курашиш, муҳим минералларни қайта ишлаш, бюджетни қўллаб-қувватлаш, қўшма инвестиция платформасини яратиш бўйича лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, банк Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги “Ифтихор кийим саноат” кластерининг янги корхонаси фаолияти билан танишди.

Наманган тўқимачилик бўйича мамлакатимизда етакчи. Вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг ярми шу соҳага тўғри келади. Бугунги кунда 2 минг 500 га яқин тўқимачилик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар 250 га яқин брендлар остида маҳсулот тайёрлаб, юз мингдан ортиқ инсонни юқори даромад билан таъминлаяпти.

Саноат ривожига қўшимча шароит яратиш мақсадида “Наманган” эркин иқтисодий зонаси Тўрақўрғон туманига кенгайтирилган эди. Йигирмага яқин лойиҳа қаторида бу ерда “Ифтихор кийим саноат” кластерининг янги корхонаси ҳам барпо этилди.

13 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари тўқимачилик корхоналарининг йирик брендлар билан ҳамкорлиги масаласига алоҳида урғу берган эди. “Ифтихор кийим саноат”да шундай тизим йўлга қўйилган. Бу ерда “Bugatti”, “Pierre Cardin”, “Roy Robson”, “Baldessarini”, “Lavard”, “Jake’S”, “Engbers”, “Cinque”, “Walbusch” каби машҳур брендлар буюртмаларига кўра маҳсулот тайёрланмоқда. Наманганда тикилган кийимлар Европа дўконларида сотилмоқда.

Бундан ташқари, “Mercedes-Benz”, “BMW”, “Rolls-Royce” каби автомобиллар учун ўриндиқ матолари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур йўналишда у минтақамизда ягона корхона ҳисобланади. Умуман, корхона йигирмага яқин хорижий брендлар билан ҳамкорликда ишламоқда.

Янги лойиҳанинг умумий қиймати 198 миллион доллар бўлиб, маблағлар асосан қурилиш ишлари ва илғор технологияларни жалб этишга йўналтирилди. Замонавий иншоотлар барпо этилди, махсус лаборатория ташкил қилинди. Германия, Италия, Туркия ва Польша каби тўқимачиликда етакчи мамлакатлардан келтирилган энергия тежамкор ускуналар иш унумдорлигини оширди. Корхонадаги замонавий лаборатория сифат назоратини таъминлаш ва нуфузли брендлар ишончини қозонишда муҳим ўрин тутмоқда.

Дастлаб оддий тикувчилик цехи сифатида иш бошлаган “Ифтихор кийим саноат” бугун пахта етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотни экспортга йўналтираётган йирик кластерга айланди. Сифат бўйича қатъий талаблар уни халқаро бозорга олиб чиқди.

Президент корхонадаги иш жараёни билан танишди, ходимлар билан суҳбатлашди.

Корхона тўлиқ қувватга чиққач, йилига 100 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу орқали 2 мингта янги иш ўрни яратилади, давлат бюджетига эса йилига салмоқли солиқ тушумлари қўшилади. Халқаро брендлар билан ҳамкорлик маҳсулотга кафолатли бозор, катта валюта тушумлари ва янги иш ўринларини таъминлайди.

Бу ерга Наманганда ўтаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг хорижий меҳмонлари ҳам ташриф буюрди. Миллий ҳамда хорижий брендлар учун тикилган тайёр кийимлар, шунингдек, озиқ-овқат, чарм, қурилиш материаллари, фармацевтика тармоқларидаги маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

Ўзбекистонда бизнес учун яратилган шароитлар, миллий маҳсулотларимиз тури ва сифати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига Наманган вилоятида хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Хусусан, шаҳарсозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, туризм, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати каби йўналишларда 252 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Мутасаддиларга инвестор ва тадбиркорлар учун барча қулайликларни яратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш, кўпроқ иш ўринлари яратиб, аҳоли даромадини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech