Сайлов – 2019: Журналистларнинг бу жараёндаги ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар янги ислоҳотлар даврида, эркин фикрлар фонида қизғин ўтиши кутилмоқда. Сайловларнинг очиқ, шаффоф, демократик тамойилларга мос тарзда ўтишини эса оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Оммавий ахборот воситалари – энг тезкор, ҳозиржавоб ва ҳаққоний назоратчи. Албатта, уларга етарли шароит яратиб берилса ва ҳуқуқлари таъминланса шу даражага эришади. Сайловда журналистлар учун барча зарур имкониятлар таъминланиши сайловнинг ҳаққоний ўтишида муҳим ўрин тутади.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг сайловолди ташвиқоти, сайлов жараёни ва натижаларини ёритиш ва сўз эркинлигини таъминлашда етарли имкониятлар яратилган. Конституциямизнинг 67-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари сайловларда эркин, ҳеч бир тўсиқсиз иштирок этади. Сайлов кодексининг 8-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки ушбу кодексда белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Қонунчиликка мувофиқ, сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилайди.

Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан, овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.

Ушбу меъёрни амалда таъминлаш мақсадида айни пайтда сайлов комиссиялари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда. Эътиборли жиҳати, бунда барча мурожаат қилувчиларнинг сўрови инобатга олинмоқда.

Кодекснинг 46-моддасига кўра, ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Қонунчиликка мувофиқ, оммавий ахборот воситалари вакилларига сайлов жараёнини кузатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Амалиётда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар эркин фаолият кўрсатади. Маълумотларни олиш, тарқатишда ҳеч бир тўсиқлар мавжуд эмас.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Сайлов комиссиясининг мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳозир бўлиши учун шароит яратилган. Сайлов натижалари ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида, улар орқали эълон қилинади.

Ахборот воситалари орқали фикрлар хилма-хиллиги ифода этилган ҳақиқий сиёсий баҳс-мунозараларни олиб бориш учун барча шароитлар таъминлаб берилган.

Ташвиқот тадбирлари давомида номзодлар ёки уларнинг ваколатли вакиллари ўртасида ошкор баҳс-мунозаралар ўтказиш учун шароитлар яратилган.

Сайловлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио, газета, журналлар, Интернет веб-сайтлари ва блоглар орқали эркин фикр билдириш, турли ахборотлар тарқатилиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

ОАВ материаллари асосида тайёрланди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech