БМТ Ўзбекистонни сув соҳасида энг катта натижага эришган давлатлар қаторига киритди

Айни кунларда Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги сиёсий форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистоннинг сув ресурсларини бошқариш соҳасида сўнгги йилларда эришган натижалари халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди. UN-Water баҳолашига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсади — “Тоза сув ва санитария” йўналишида сезиларли натижага эришган дунёдаги учта мамлакатдан бири деб эътироф этилди. Бу рўйхатга Хитой ҳамда Сан-Томе ва Принсипи ҳам кирган. Форумда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев мамлакатимизда сув хўжалигида амалга оширилган институционал ва ҳуқуқий ислоҳотлар, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда минтақавий сув дипломатиясини ривожлантириш бўйича эришилган натижаларни тақдим этди. Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар аниқ рақамларда ҳам акс этмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда сув стресс кўрсаткичи 2017 йилдаги 169 фоиздан 2022 йилда 122 фоизгача пасайиб, 47 пунктга камайди. UN-Waterнинг ушбу баҳоси Ўзбекистонда сув ресурсларини барқарор бошқариш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва соҳани модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар халқаро даражада ҳам юксак эътироф этилаётганини кўрсатади.

 

Rasmiy xabarlar

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech