БМТ Бош Ассамблеяси Олий даражадаги ҳафталиги арафасида Бош котиб Антониу Гутерриш жаҳон етакчиларига мурожаат қилиб, уруш, иқлим ўзгариши, тенгсизлик ва технологик хавфни ифодалайдиган “глобал инқироз” шошилинч ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар талаб этишини таъкидлади. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилган.
— Биз глобал инқирозга дуч келяпмиз: можаролар кўпаймоқда, геосиёсий тафовут муаммоларни самарали ҳал қилишни қийинлаштирмоқда, — деди Гутерриш Глобал коммуникация департаменти раҳбари Мелисса Флеминг билан суҳбатда. — Жазосизлик туйғуси кучли — ҳар бир давлат ўзи хоҳлаган ишини қила олишига ишонади. Шу билан бирга ривожланаётган мамлакатлар жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Кўп мамлакатлар иқтисодиётини тиклаш учун зарур имтиёзли молиялаштиришдан фойдалана олмай, қарзга ботяпти. Тенгсизлик кучайиб бормоқда.
Бош котиб БМТ турли жабҳаларда халқаро ҳамкорликни сафарбар этишга интилаётганини қайд этаркан, иқлим ўзгариши назоратдан чиқиб кетаётганига ҳам эътибор қаратди:
— Глобал исишни Цельсий бўйича 1,5 даражагача чеклаш бўйича асосий мақсадга эришиш ниҳоятда қийин кечишидан бизни тез-тез огоҳлантиришяпти. Замонавий технология сезиларли салоҳиятга эга бўлса-да, жамиятда қутбланиш ва нафратни кучайтириши мумкин. Шунинг учун инсон иштирокини сақлаб қолиш ва технологияни эзгуликка йўналтириш орқали тартибга солиш зарур. Бош Ассамблея сессиясида мамлакатлар эмиссиясини камайтириш, халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш ва кўп томонлама муносабатни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар бўйича мажбуриятларни белгилаб олишимиз лозим.
Жаҳон тузилмаси етакчиси дунё раҳбарларини "тўлқинни ўзгартириш", адолат ва тенгликни таъминлаш учун глобал молиявий ислоҳотни қўллаб-қувватлашга даъват қилди.
Бош Ассамблея йиғилишида тинчлик ва хавфсизлик масаласи ҳам муҳокама марказида бўлади.
Бош котиб халқаро ҳамжамиятдан Исроил ва Фаластин зиддиятини икки давлат асосида ҳал этиш, шунингдек зудлик билан Ғазодаги гуманитар инқирозни бартараф этиш чорасини кўриш учун аниқ қўллаб-қувватлов кутаётганини билдирди:
— Ғазода содир бўлаётган қирғин тўхташи шарт, — деди Антонио Гутерриш. — Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилиш керак.
Суҳбат чоғида Гутерриш Судан ва бошқа “унутилган можаролар”га ҳам эътибор қаратиб, кейинги эҳтимолий азоб-уқубатларнинг олдини олиш учун Хавфсизлик кенгашини бирдамликка чақирди.
— Бутун дунё одамлари учун беқиёс фалокатга олиб келадиган, тузатиб бўлмайдиган бундай ҳолатнинг олдини олиш учун айнан жипслик зарур, — деди у суҳбат якунида ва энг заиф, жумладан кичик орол-давлатлар, шунингдек Африка қитъаси номутаносиб хавфга дуч келаётганини таъкидлади. — Мен оптимист ҳам, пессимист ҳам эмасман, қатъийман. Барчамиз умид қилайлик, мақсадга эришмагунимизча таслим бўлмайлик!
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 22.09.2025
- Кўришлар: 124
- Чоп этиш