БМТ сессияси доирасидаги учрашувлар: Халқаро мулоқот ва иқтисодий тараққиёт йўлида

БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нуфузли халқаро ташкилотлар ва йирик бизнес компаниялари раҳбарлари билан ўтказган учрашувлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа сифатида эътироф этилмоқда.

Бу мулоқотлар диёримизнинг глобал иқтисодий жараёнга фаол қўшилиши, технология ва молия соҳасидаги тараққиётимизни жадаллаштириши шубҳасиз.

ЎзА мухбири айни мавзуда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази директори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Оқилиддин Алимовнинг фикрларини ёзиб олди.

– Аввало, қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва янгиланиш жараёни мамлакатимизни дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги фаоллиги, ташкилот мақсад ва вазифаларига уйғун ислоҳот олиб бориши, халқаро майдондаги ижобий имижимизни мустаҳкамлаяпти, дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан суҳбатида юртимизнинг халқаро савдо тизимига интеграциялашув жараёни ва экспорт салоҳиятини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ЖСТ талаби ва стандартига мослашишга алоҳида эътибор қаратиб, миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, халқаро бозорда рақобатбардошликни ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Бу савдо секторидаги имкониятни кенгайтириш орқали юртимизга хорижий инвестиция жалб қилиш учун қулай шароит яратади.

Мазкур мулоқот республикамизнинг халқаро савдо тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, савдо сиёсатига инновацион ёндашиш мақсадини яққол ифодалайди. Экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни диверсификация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, миллий маҳсулотларни халқаро стандартга мувофиқлаштириш ва замонавий логистика тизимини яратиш – буларнинг бари Янги Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларидир.

“Air Products”, “Boeing Global” каби йирик халқаро компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар Ўзбекистонда саноат ва юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантиришни янги босқичга кўтаради. Бу корхоналар билан ҳамкорлик нафақат ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, балки мамлакатда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва барча тармоқларга илғор технологияни жорий этишга кўмаклашади.

Жаҳоннинг етакчи халқаро молия институтлари – Жаҳон банки, “Franklin Templeton”, “Oppenheimer Holdings”, “Jefferies”, “The Bank of New York” билан самарали мулоқотлар миллий молия бозорини жаҳон стандарти даражасига олиб чиқиш, хорижий инвесторлар учун очиқликни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Хусусан, “NASDAQ” фонд биржаси раиси билан музокара мамлакат фонд бозорини халқаро молиявий тизимга интеграциялаш имконини беради. Бундай ўзгариш инвесторлар учун ишончли муҳит яратиш, молиявий ресурслар жалб қилиш, иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва молия соҳасини трансформация қилишга ёрдам беради.

Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчиси билан суҳбат макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Ўзаро ишонч ва стратегик шерикликка асосланган бу учрашув мамлакатимиз молия секторидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширади.

АҚШ етакчисининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотлар Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик соҳасидаги ролини кучайтириш, шунингдек янги инвестиция ва технология йўналишидаги шериклик кўламини кенгайтиришга хизмат қилади. Ўлкамизнинг минтақа етакчи давлати сифатидаги мавқеини янада оширади.

Нью-Йоркдаги олий даражали учрашувлар мамлакатимизни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясининг амалдаги ифодаси сифатида баҳоланмоқда. Бу жараён халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, инвестицияни рағбатлантириш ва миллий иқтисодиётни модернизация қилиш орқали аҳоли ҳаёт даражасини яхшилашда беқиёс аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг дунё иқтисодиётидаги ўрнини сезиларли даражада яхшилаб, миллий бизнес муҳитини жаҳон бозори талабига мослаштиради, стратегик шериклик асосидаги истиқболли тараққиётга замин яратади.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси доирасидаги музокаралари жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий позициямизни яна бир бор тасдиқлайди. Бундай стратегик йўналиш мамлакат барқарор ривожланиши ва тараққиётга эришиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ЎзА мухбири Ўткир Алимов ёзиб олди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech