БМТ ёшларнинг кибержиноятчилик ва рақамли ҳуружларга чидамлилигини ошириш дастурини ишга туширди (+видео)

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ва БМТ Тараққиёт Дастури (UNDP) бугун расман “Ўзбекистон ёшларининг кибержиноятчиликка ҳамда рақамли ҳуружларга чидамлилигини ошириш” қўшма дастурини ишга туширди. Тошкентда бўлиб ўтган расмий дастур тақдимотида Ўзбекистон Республикасининг мутассади давлат органлари, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, академик доиралар ва, энг муҳими, ёшлар иштирок этишди.

Инсон хавфсизлиги бўйича БМТ Trast фонди томонидан молиялаштирилаётган дастур Ўзбекистондаги ёшларнинг тез суръатлар билан ривожланаётган рақамли муҳитда онлайн таҳдидларга нисбатан ўсиб бораётган заифлигини эътироф этади. У ёшларни кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликни аниқлаш, олдини олиш ва уларга қарши курашиш учун билим ва кўникмалар билан таъминлаш, шунингдек, бу муаммоларни самарали ҳал қилиш учун миллий салоҳиятни мустаҳкамлашни мақсад қилади.

Тақдимот маросимида дастурнинг мақсадлари, фаолияти ва кутилаётган натижаларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчилар Ўзбекистонда ёшлар дуч келаётган кибержиноятчилик ва рақамли зўравонлик муаммоларини муҳокама қилдилар ва потенциал ечимлар ҳамда ҳамкорлик стратегияларини ўргандилар.

Ушбу қўшма ташаббус Ўзбекистонда ёшлар учун янда хавфсиз ва ҳимояланган рақамли муҳитни яратиш, уларга зарар етишидан қўрқмасдан рақамли аср имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини берувчи муҳим қадамдир. БМТ агентликлари дастурнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш учун барча манфаатдор томонлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга содиқлиги яна бир бор таъкидланди.

М.Турдалиева, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech