Мамлакатимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. Президент қарорида таъкидланганидек, Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолияти халқимиз маънавиятини юксалтириш ҳамда ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутади.
Ушбу эътирофнинг чуқур мазмун-моҳиятини Абдулла Орипов ижодидаги Амир Темир сиймоси талқини мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шоир 1970 йилда "Қарши қўшиғи" шеърида илк бор Амир Темур мавзусига мурожаат этиб, “Бу ерларда илк бора янграган Темур саси” дея Соҳибқиронга эҳтиром кўрсатган.
Ҳолбуки, ўша пайтда шўро мафкураси Амир Темурни “босқинчи” сифатида қатағон қилган, 1968-69-йилларда "Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли" номли рисоласини нашр эттириш орқали Соҳибқирон сиймосидан қора пардани кўтариб ташлаган жасоратли олим Иброҳим Мўминовнинг бошига тушган кўргиликлардан ижодкор ва зиёлилар яхши хабардор эди.
Абдулла Орипов атоқли ўзбек академигининг мазкур рисоласи тимсолидаги жасоратини ўз шеърларида Амир Темур шахси ҳақидаги ҳаётий ҳақиқатларни тақдим этиш орқали изчил давом эттирди. Унинг улуғ бобокалонимиз мустақил марказлашган давлат тузиш йўлида курашганига ишора қилинган шеъри айнан 1970 йилга мансублиги ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Мана бу сатрлар эса 1972 йили ёзилган "Муаллим" шеъридан:
Буюк Темур сендан топгандир таълим,
Сен шундоқ, азиз зот, азиз муаллим.
Ушбу мисралар орқали шоир, авваламбор, муаллимнинг азизлиги Темурбек каби буюк зотларга таълим берганида дер экан, собиқ тузум таълим муассасаларида ўша пайтда сабоқ берган юз минглаб педагог-ўқитувчиларни тарих ҳақиқатларига тийрак кўз билан қарашга даъват этган.
Янада муҳими, шоир Амир Темур ҳам муаллимлардан таълим олганини таъкидлагани бежиз эмас. Бу билан шўро мафкурачиларининг "Темур саводсиз бўлган" деган асоссиз даъволарини инкор қилган.
Абдулла Ориповнинг 1964-70-йилларда ёзилган "Ўзбекистон" қасидасида Темур ҳақида (у даврда улуғ аждодимизнинг муборак номига Амир сўзини қўшиб айтиш мумкин эмас эди) сўз бориши турли муҳокамаларга мавзу бўлган.
Асар билан боғлиқ тафсилотларни шоир шундай хотирлаган: "Ватанимга аталган ўша қасидани "Совет Ўзбекистони" (ҳозирги "Ўзбекистон овози") газетасига олиб бордим. Шеър муҳаррирга жуда маъқул бўлди, у киши ҳатто мени бу муваффақият билан табриклади. Аммо шарт қўйди... Хуллас, газетада қасидамни чиқаролмадим. У, орадан анча вақт ўтгач, раҳматли Зулфия опанинг катта саъй-ҳаракатлари билан "Саодат" журналида чоп этилди. Шунда ҳам "жиндай" таҳрир билан – "дейман" сўзи "демам" деб ўзгартирилди. "Буюк жаҳонгир" сўзлари "оқсоқ жаҳонгир" сўзлари билан алмаштирилди".
Абдулла аканинг 1968 йилда ёзилган "Хатолар" шеърининг иккинчи банди шундай мисралардан иборат:
Бобом пайғамбарлар қасоси учун
Гоҳо осийларнинг олди бошини.
Уни қарғадилар хатоси учун,
Ҳамон отмоқдалар таъна тошини.
Гарчи Амир Темур ва унинг авлодларидан буюк давлат арбоблари, жўмард саркардалар, бунёдкор шоҳлар, буюк олим ва мутафаккирлар, эл ардоқлаган шоир ва меъморлар етишиб чиққан бўлса-да, мустақиллик даврига қадар бу шавкатли аждодларимиз золим подшолар сифатида талқин этиб келинди. Шу маънода, Абдулла Орипов ўша вақтлардаёқ буюк Соҳибқирон шаънига ёғдирилган бўҳтону туҳматларни рад этишга интилган.
Мустақиллик туфайли тарихимиздаги улуғ шахслар, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур мероси тўғрисида бор ҳақиқатни айтиш имкони туғилди. Жумладан, энди шоирнинг асарлари замиридаги туб маъно-моҳиятни чуқурроқ англаш мумкин.
Мисол тариқасида айтсак, "Хатолар" шеъридаги мисраларнинг мазмун-мундарижаси шоир 1968 йилдаёқ "Темур тузуклари" асаридан яхшигина хабардор бўлганини кўрсатади. Лекин у ўша замонларда, Соҳибқирон тарихини чуқур ўргангани, Амир Темур дунёда зулмга барҳам бериш ва адолат ўрнатиш учун ҳарбу зарб қилган одил жаҳонгир бўлганини вақтинча хаспўшлаб туришга мажбур эди.
Француз шарқшунос олими Жан Поль Ру қайд этганидек, “Амир Темур номи қалбларда қандай ҳиссиёт уйғотишидан, унинг номига қандай маломатлар ёғилишидан қатъи назар, унинг ғайритабиий ва маҳлиё этгувчи инсон бўлгани, унинг саркардалик маҳорати ва давлат арбоби сифатидаги ажойиб фаолиятини тан олмаслик мумкин эмас. Амир Темур яшаган дунёда унинг салоҳиятига тенг келадиган ёки ортиқроқ салоҳиятга эга бўлган кишилар йўқ эди. Уни буюк саркардалар Александр Македонский, Юлий Цезарь, Чингизхон ва Наполеон Бонопарт қаторига қўйиб ўрганиш мумкин. Чунки Амир Темур ўз асрининг буюк кишиларидан эди”.
Шу нуқтаи назардан, ушбу шеърда "Наполеон хатоси"нинг тилга олиниши ўша "хаспўшлаш" ҳийласи учун пойдевор бўлгани тайин. Бинобарин, Соҳибқирон шу қадар буюк геосиёсий муваффақиятларга эришганки, орадан тўрт аср ўтганидан сўнг бу оламшумул ютуқлар Наполеоннинг ҳам ҳайрату ҳавасини келтирган.
Агар “Темур тузуклари”нинг француз тилидаги таржимаси 1787 йилда нашр этилгани назарда тутилса, ўз-ўзидан бир ҳақиқат аён бўлади. Яъни, ўша даврда Наполеон Миср, Туркия, Эрон ва Ҳиндистонга ҳарбий юришни режалаштирар экан, “Темур тузуклари”дан хабардор бўлмаслиги мумкин эмас.
Аслида Наполеон “Темур тузуклари”да баён этилган Амир Темур, шунингдек Чингизхон, араблар ва Александр Македонскийнинг Осиё бўйлаб жанговар юришларини пухта таҳлил қилган бўлиши керак. Бироқ, назаримизда, Амир Темур геосиёсатининг олий сир-асрорини Наполеон барибир англаб ета олмаган. Чунки урушдан-урушга ўтгани сари Амир Темурнинг жанговар кучига-куч, иқтисодий қудратига-қудрат қўшилиб борган. Наполеон эса, аксинча, ўз ғалабаларига Франция ва бутун Европани ҳолдан тойдириш эвазига эришган. Зеро, Амир Темурда куч тафаккурга, Наполеонда тафаккур кучга хизмат қилган.
Наполеон Россияга шошма-шошарлик билан ҳужум уюштириб, унинг таслим бўлишини беҳуда кутган. Амир Темур эса қизғин жанглардан ҳали совиб улгурмаган Куликово майдонигача келиб, сўнг ортига қайтган. Шу ўринда хўш, ҳар икки жаҳонгирнинг бу ўринда қўллаган ўзига хос стратегиялари қандай натижа берди, деган савол туғилади.
Бунга жавоб шуки, Амир Темур ўзи бирон-бир манфаат кутмаган ҳудуддан қўшинини беталафот олиб чиққан. Қолаверса, рус князликлари мисолида ўз салтанати яқинида беқарор ҳудуд ва ғаним кучлар пайдо бўлишининг олдини олган.
Наполеонда эса, мутлақо тескари натижа кузатилган. Россиянинг ўша пайтдаги чегараси бўлган Неман дарёсидан 1812 йил 23 июнда 420 минг нафарлик қўшин билан ўтган ва русларнинг 267 минг нафар лашкарини чекинишга мажбур қилган Наполеон, охир-оқибат, ўша йилнинг декабрь ойида худди ўша дарёдан атиги 18 минг нафар киши билан ортга қайтган.
Бу орада Францияга қарши Россия, Англия, Пруссия, Австрия, Швеция, Испания ва Португалиядан иборат кучли ҳарбий коалиция вужудга келган. Германия, Пруссия каби мамлакатларда эса Наполеонга қарши озодлик ҳаракатлари бошланиб кетган.
Шундай қалтис вазиятда Франция бирлашган Европага қарши урушга тайёргарлик кўрган. Наполеон мағлубиятга учраган ва тақдири Ватерлоо ёнидаги жангда узил-кесил ҳал қилинган.
Абдулла Орипов “Хатолар” номли шеърида ана шу мағлубиятни қуйидагича тасвирлаган:
Ватерлоода хато қилди Наполеон –
Жаҳонгирнинг қайтди шу кун омади.
Мана ўтса ҳамки неча бир замон,
У ҳақда гапирмаган одам қолмади.
Шоир буюклар ҳақида фалсафий мушоҳадасини давом эттириб, Наполеонни Соҳибқирон бобомиз билан қиёслаб талқин қилгани бежиз эмас. Академик Акмал Саидовнинг фикрича, бу зотлар турли замонларда ва турлича маданий маконларда яшаган бўлса-да, улар ўртасида анчагина ўхшашликлар мавжуд:
биринчидан, уларнинг иккиси ҳам қирол ёки хон авлодидан бўлмаган, лекин ўзларининг ёрқин истеъдоди ва тарих тақозоси туфайли навқиронлик пайтиданоқ ҳокимият тепасига келган;
иккинчидан, ҳар иккаласи ўз салтанатининг пойтахти – бири Самарқанд, бошқаси эса Парижни дунёнинг энг гўзал шаҳрига айлантириш учун улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган;
учинчидан, ҳар иккиси ҳам давлат бошқарувида ўз даври учун мукамалликка эришган бўлиб, биридан “Темур тузуклари”, иккинчисидан, “Наполеон кодекслари” мерос қолган;
тўртинчидан, энг муҳими, уларнинг фаолиятига ҳар хил даврларда турлича баҳо берилганига қарамасдан, ҳар икки улуғ зотнинг ҳам тарихда ўз муносиб ўрни борлигини ҳеч ким инкор қила олмайди.
Яна бир қизиқарли жиҳат шуки, Наполеон Амир Темурдан фарқли равишда тирик пайтидаёқ тахтдан туширилган. Бунга Ватерлоодаги машъум фожеа сабаб бўлган. Наполеоннинг ҳаёти хўрлик, ҳақорат ва фожиавий қисмат билан якун топган бўлса, Соҳибқирон мардонавор равишда, навбатдаги зафарли жанг остонасида, яқинлари бағрида ҳаётдан кўз юмган.
Алқисса, Абдулла Орипов ўз шеърини қуйидаги банд билан хулосалаган:
...Хато қилган бўлсам кечиргин, болам,
Юз йил давомида чўзаверма, бас.
Кўриб турибсан-ку, мен оддий одам,
Наполеон эмасман, Темур ҳам эмас!
Шоирнинг ёш авлодлар олдидаги бундай узрхоҳлигига сабабчи хатоси нимадан иборат бўлиши мумкин? Фикримизча, шоирнинг бу "хато"си мазмун-моҳиятида Амир Темур ва Наполеоннинг "хатолари"дан тўлиқ хабардор бўлганини билдириши баробарида тарихий ҳақиқатни қарор топтириш ҳамда шонли ўтмишни чуқур ўрганиш зарурати ўз аксини топган.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 09.04.2021
- Кўришлар: 4468
- Чоп этиш