Демографик барқарорлик ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг мустаҳкам ва узлуксиз ривожланиши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Аҳоли таркиби ва унинг ўсиш динамикасининг барқарорлиги меҳнат ресурсларини тўғри режалаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини самарали ташкил этиш, ижтимоий ҳимоя ва пенсия тизимларини барқарор юритишга замин яратади.
Шу маънода, демографик барқарорликни таъминлаш нафақат аҳоли фаровонлигини юксалтириш, балки узоқ муддатли иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Соҳа мутахассислари, вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Демография, бандлик ва турмуш даражасини прогноз қилиш бўлими бошлиғи Собир Ҳайитмурадов, UNFPAнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Демографик барқарорлик ва сиёсат бўйича минтақавий маслаҳатчиси Фабио Лоса, UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхона раҳбарининг ўринбосари Матлуба Умурзоқова ва бошқалар мамлакатимизда демографик барқарорликни таъминлаш, демографик саводхонликни ошириш ва демографик дивиденддан самарали фойдаланиш учун стратегик ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим омил эканини қайд этди.
Уларнинг фикрига кўра, демографик ўзгаришлар ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини таҳлил қилиш, маълумотларга асосланган сиёсат юритишда статистик салоҳиятни кучайтириш, халқаро ва минтақавий илғор тажрибалардан фойдаланиш ҳамда Ўзбекистонда миллий Демографик барқарорлик стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича амалий ишларни кучайтириш асосий вазифалар ҳисобланади.
Шу сабабли, давра суҳбатида иштирокчилар юртимизда демографик дивиденд имкониятидан фойдаланиш учун узоқ муддатли барқарор стратегияни ривожлантириш, статистик ахборот ва илмий тадқиқотларга таянган ҳолда қарор қабул қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали техник ёрдам ва экспертизани кенгроқ жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
UNFPAнинг Аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича дастур таҳлилчиси Аъзам Тошпўлатов маърузасида қайд этилганидек, Ўзбекистон аҳолиси сони жорий кунда 37,8 миллион нафарга етган бўлса, 2030 йилга келиб 41 миллионга, 2050 йилга бориб эса 51 миллионгача ортиши кутилмоқда. Айни пайтда аҳоли кўпайиш суръати 2,2 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич жаҳон ўртачасидан икки баробар юқори. Энг жадал ўсиш Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида рўй бериши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, Фарғона водийсида аҳоли сони тез суръатда ошиши давом этиши кутиляпти. Энг секин ўсиш эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Бухоро вилоятларида кузатилиши мумкин.
– Ҳар қандай жамиятнинг асосий бойлиги - бу инсон ресурсидир. Барча дастурлар ва стратегиялар, аввало, инсон манфаатлари учун ишлаб чиқилади. Ҳар қандай давлатнинг мустаҳкамлиги ва барқарорлиги, даставвал, унинг аҳолиси сони ва салоҳияти билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сони қарийб 38 миллион кишига етди. Бу кўрсаткич билан мамлакатимиз дунёдаги 234 та давлат орасида 43-ўринни эгалламоқда. Халқаро таҳлилларга кўра, ҳозирги кунда 52 та мамлакатда аҳоли сони ўсиш тенденциясини намоён этмоқда, 58 та давлатда эса аксинча камайиш қайд этилмоқда.
Шу пайтгача дунёда аҳоли сони бўйича етакчи ўринни Хитой эгаллаб келган бўлса, ҳозирги кунда бу ўрин Ҳиндистонга ўтди. Бунга сабаблардан бири сифатида 1980 йилларда Хитой томонидан жорий этилган "бир оила - бир фарзанд" сиёсати айтилади. Бу стратегия демографик ўсишни чеклашга қаратилган бўлиб, айни пайтда аҳоли сонининг камайишига олиб келган. Аҳоли сонидаги ўсиш ёки камайиш ҳар қандай жамият учун ўзига хос хатарлар ва имкониятларни келтириб чиқаради. Лекин аҳолининг ўсиши мамлакат иқтисодиёти ўсишига хизмат қилиши мумкин. Масалан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 5-6 фоизни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, аҳоли сони йиллик 2 фоиз атрофида кўпаймоқда.
Агар бу жараённи Япония мисолида таққослайдиган бўлсак, мазкур мамлакатда аҳоли сони камайиши натижасида иқтисодий ўсиш деярли тўхтаб қолган. Хусусан, уларда ЯИМ ўсиши 0,1 фоиз атрофида. Шунинг учун ҳам биз аҳоли сонидаги ўсишдан самарали фойдаланиб, уни ижобий натижаларга айлантиришимиз мумкин. “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида ана шундай масалаларга кенг ўрин берилган ва бу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсад қилинган, – деди Собир Ҳайитмурадов.
UNFPAнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Демографик барқарорлик ва сиёсат бўйича минтақавий маслаҳатчиси Фабио Лоса қайд этганидек, Ўзбекистон бу йўналишда катта имкониятларга эга мамлакат ҳисобланади. Чунки аҳолининг ёш таркиби меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар сонининг ортишига олиб келмоқда.
– Бу ҳолат "демографик дивиденд" деб аталадиган муҳим имкониятни яратади. Агар мамлакат ёш авлодни тайёрлаб, уларни зарур кўникма ва малакалар билан таъминлай олса, шунингдек, улар учун иш ўринлари яратилса, иқтисодий ўсиш жадаллашади ва бу барча аҳоли қатламлари учун фойда келтиради. Баъзи мамлакатлар қариш ва қишлоқ аҳолисининг камайишига дуч келаётган бир пайтда, Ўзбекистондаги бугунги вазият демографик дивиденддан фойдаланиш учун қулай шароит яратмоқда. Бу демографик ўзгаришлар глобал тенденция сифатида кўплаб соҳаларга таъсир кўрсатади.
Шунинг учун биз бугун барча вазирликлар вакиллари билан бирга йиғилдик. Негаки, бу фақат демографияга оид масала эмас, балки иқтисодий сиёсат, ижтимоий хизматлар, инфратузилма ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб оладиган мураккаб масаладир. Янги демографик барқарорлик стратегияси барча вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигида амалга оширилиши лозим, чунки айнан мана шундай ёндашув орқали демографик ўзгаришларга муносиб жавоб бериш ва демографик дивиденддан самарали фойдаланиш мумкин бўлади. Бу эса мамлакатнинг бугунги ва келажак авлодлари фаровонлиги учун хизмат қилади, – деди Фабио Лоса.
Давра суҳбати давомида мутахассислар мавзу юзасидан келгуси ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 06.08.2025
- Кўришлар: 149
- Чоп этиш