Доҳада Халқаро ислом фиқҳи академияси анжумани бошланди

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи UNA-OIC хабар беришича, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академияси (IIFA) конференциясининг 26-сессияси иш бошлади. Беш кун давом этадиган тадбирни Вақфлар ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин бин Ғаним Ал-Ғаним очиб берди.

ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа академиянинг жамоавий ижтиҳодни мустаҳкамлашдаги алоҳида ўрнини таъкидлаб, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда фиқҳий ҳамкорлик ҳам муҳимлигига урғу берди.

Академия Бош котиби профессор Қутб Мустафо Сано сессиялар учун танланган мавзуларга тўхталди. Воқеликка, инсон ва жамият ҳаётига чуқур таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сунъий интеллект, электрон ўйинлар бўйича ҳукм ва назорат, шариатда психологик ва руҳий касалликларнинг ҳуқуқ лаёқатига таъсири, ислом молия институтларида шариат бошқаруви каби долзарб масалалар муҳокама этилиб, мунозаралар кечиши таъкидланди.

Конференцияда дунёнинг 60 давлатидан келган 230 га яқин олим ва эксперт ўз тадқиқот ишлари билан қатнашмоқда.

Шунингдек, сессия давомида ИҲТга аъзо давлатлар ва бутун дунё мусулмонларини қизиқтирган замонавий ҳуқуқшуносликка оид, интеллектуал, тиббий, ижтимоий ва иқтисодий мавзулар ҳам кўтарилади. Хусусан, бола парваришида юзага келаётган муаммолар, сунъий интеллектдан фойдаланиш тартиб-қоидаси, этикаси, учинчи шахсдан олинган қарзнинг кўпайиши ва тўланиши бўйича Ислом ҳукми, кафиллик хати ва ҳужжатли аккредитив учун ҳақ олиш ҳукми сингари кўпчиликни қизиқтирадиган мавзулар мутахассислар диққати марказида бўлади.

Халқаро ислом фиқҳи академияси кенгаши қарор қабул қилувчилар, етакчилар ва мутафаккирларга йўл-йўриқ кўрсатишга кўмаклашадиган  тавсиялар ишлаб чиқади. Аслият ва инновацияни мужассамлаштирган интизомли илмий ёндашув доирасида замонавий муаммоларни ҳал қилиш бўйича жамоавий институционал ижтиҳод аҳамиятини таъкидлайди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech