Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Дунё парламентарийлари: сунъий интеллект болалар ҳуқуқларига хизмат қилиши керак

Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистон делегацияси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, янги технологиялардан масъулият билан фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгаришига бардошли озиқ-овқат сиёсатини ривожлантириш каби муҳим йўналишлардаги муҳокамаларда иштирок этди.

Ассамблея доирасида ўтказилган «Болалар ҳуқуқларига хизмат қилувчи сунъий интеллектни ривожлантириш» мавзусидаги семинарда рақамли технологияларнинг болалар ҳаётига таъсири, уларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сунъий интеллект болалар учун янги имкониятлар яратиш билан бирга, шахсий маълумотлар дахлсизлиги, зарарли контент, рақамли кузатув ва сохта тасвирлар тарқалиши каби хавфларни ҳам юзага келтирмоқда.

Семинарда маъруза билан иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов UNICEF маълумотларига кўра, болалар сунъий интеллект технологияларини катталарга нисбатан уч баравар тез ўзлаштираётганини қайд этди.

У сунъий интеллект даврида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дунё парламентлари олдидаги муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлаб, «Биз болаларни сунъий интеллектдан фойдаланишга тайёрлаяпмизми ёки сунъий интеллектни болалар ҳуқуқларига хизмат қилишга тайёрлаяпмизми?» деган саволни ўртага ташлади.

Маърузада Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сунъий интеллектни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилаётгани, 2024 йилда тегишли стратегия қабул қилиниб, 2026 йилдан сунъий интеллектга оид ахлоқий қоидалар кучга киргани қайд этилди.

Болалар учун мўлжалланган сунъий интеллект тизимлари уларнинг тили, маданий муҳити ва ёш хусусиятларини ҳисобга олиши, шахсий маълумотлари ва рақамли излари ишончли ҳимоя қилиниши зарурлиги таъкидланди.

А.Эшмуродов болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича учта муҳим йўналишни илгари сурди. Хусусан, сунъий интеллект тизимларини жорий этишдан олдин уларнинг болалар хавфсизлигига таъсирини баҳолаш, шахсий маълумотлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда сунъий интеллект ёрдамида яратилган зарарли контент ва сохта тасвирларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш механизмларини кучайтириш таклиф қилинди.

Семинарда технологик компанияларга нисбатан болалар учун эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган «рақамли ғамхўрлик бурчи» (digital duty of care) талабини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ижтимоий тармоқларнинг болалар руҳий саломатлигига таъсири, кибербуллинг, рақамли қарамлик хавфи, таълимда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг афзалликлари ва эҳтимолий салбий оқибатлари муҳокама қилиниб, сунъий интеллект саводхонлигини таълим дастурларига киритиш тавсия этилди.

Тадбир иштирокчилари сунъий интеллектни ривожлантиришда бола ҳуқуқлари ва манфаатлари устувор бўлиши, технологиялар эса уларнинг хавфсизлиги, билим олиши ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши лозимлигини қатъий таъкидлади ва бу йўналишда амалий ишлар сари қадам қўйилиши билдирилди.

                                                   Норгул Абдураимова, ЎзА

Nashr sanasi 09.10.2026 Ko'rishlar 294
Ulashish