Зўравонликниг энг кенг тарқалган ва мураккаб кўриниши – бу болаларга нисбатан зўравонликдир. Бундaй зўравонлик ҳар жойда: мактабда, оилада, тенгдошлар орасида содир бўлиши мумкин.
БМТ Бош котибининг махсус вакили Нажат Маала болаларга нисбатан зўравонлик бутун дунёда оила ва жамият фаровонлигини таъминлашдаги асосий ғовлардан бири бўлиб келаётганлигини айтди. У билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Ҳурматли Нажат Маала, жамиятда фикрлар жуда тез тарқаладиган, ижтимоий тармоқлар фаол ишлаётган даврда одамларнинг онгини қандай ислоҳ қилиш мумкин?
— Бунинг учун аввало оилалар ва жамоаларни билим билан қуроллантириш керак. Одамларни пассив қабул қилувчи эмас, фаол ҳамкор сифатида кўриш керак. Болалар билан катталар ўртасидаги мулоқот — яъни авлодларо мулоқотни ривожлантириш жуда муҳим. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларни ҳам ижобий форматда фойдаланишимиз, турли форматда хабардорлик кампаниялари олиб боришимиз керак. Бундан ташқари, диний ва анъанавий етакчиларни жалб қилиш орқали уларнинг болаларни ҳимоя қилишга доир ижобий билим ва қадриятларини ишга солишимиз мумкин. Бу йўл кўп давлатларда самара берган.
— Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари жамият томонидан мутлақо қабул қилинмайди. Айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда жиноятчиларга нисбатан ўлим жазосини талаб қилувчи чиқишлар ҳам учрайди. Бу масалада сизнинг муносабатингиз қандай?
— Мен шахсан ўлим жазосига қарши бўлган инсонман. Албатта, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик жиноятдир. Ва бу жиноят учун жазо бўлиши шарт. Аммо бу жазо инсон ҳуқуқларига зид бўлмаслиги, адолатли ва қонуний йўл билан амалга оширилиши керак. Бундан ташқари, суд жараёнлари тез, самарали ва болалар манфаатига мос тарзда ташкил этилиши зарур. Шунингдек, жамиятда болалар зўравонликка қарши чиқишга ҳақли эканини тушуниш керак – диний ёки маданий қадриятлар билан бундай зўравонликни оқлаш мумкин эмас.
— Мактабларда жинсий тарбияни жорий этиш масаласи жамиятда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Буни муҳим деб ҳисоблайсизми? Агар шундай бўлса, уни қандай амалга ошириш керак?
— Албатта муҳим. Жинсий тарбия ва репродуктив соғлиқ ҳақида билим бериш болаларни ҳимоя қилишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Айниқса, ҳозирда болалар ижтимоий тармоқлар орқали нотўғри, ёшга мос бўлмаган маълумотларни қабул қилмоқда. Бу уларни зўравонлик, кибербуллинг, жинсий таҳдидлар каби хавф-хатарларга дучор қилади. Мактабларда ёшга мос, илмий асосдаги маълумотларни бериш – болани ҳимоя қилиш, уни тўғри хулосалар чиқаришга ўргатиш, муаммоларнинг олдини олиш учун зарур.
— Ўзбекистон аҳолисининг 35 фоизини болалар ташкил этади. Шундай экан, авлодлар ўртасида мулоқот ниҳоятда долзарб. Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган ишларни қандай баҳолайсиз ва нимани тавсия қилган бўлардингиз?
— Мен ёшлар парламенти, ногиронлиги бўлган болаларнинг маслаҳат кенгаши, ННТ ва инсон ҳуқуқлари миллий муассасалари билан учрашдим. Бу яхши бошланиш, лекин етарли эмас. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 15 ёшдан эмас, болаликдан бошланиши керак. Кўп катталар болалар фикрини эшитишдан қўрқади, гўёки улар эркинлашиб, бошқариб бўлмасга айланади деб ўйлашади. Лекин мулоқот – ишончни яратади. Ишонч бўлмаса, бола ёмонлик ҳақида ҳеч қачон айтмайди. Шунинг учун катталарни болалар билан мулоқот қилишга ўргатиш, болаларга танқидий фикрлашни шакллантириш жуда муҳим.
— Эҳтимол мен сўрамаган, лекин сизнингча муҳим бўлган тавсияларингиз бўлса, улар билан ўртоқлашсангиз.
— Ўзбекистон тўғри йўлдан кетяпти. Бу йўлда энг муҳими – амалий натижага йўналиш. Масалан, ҳозирда болалар адолати тизими ҳам янгиланмоқда. Барча соҳалар таълим, соғлиқни сақлаш, адлия, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоя бўйича аниқ ва қуйидаги саволларга жавоб беришимиз керак: қайси хизмат кўрсатилади? Уни ким кўрсатади? Нарх қанча? Ва доимий равишда фуқаролар, хусусан фойдаланувчилар билан мулоқот қилиш – нима яхши ишлаяпти, қаерда муаммо бор. Судья, ички ишлар ташкилотлари, ижтимоий ходим бир жойда учрашиб, тизимни яхшилаш учун бирга ишлашлари керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ислоҳотларга ишонади, лекин шу билан бирга, прагматик раҳбар сифатида бу ислоҳотлар одамлар ҳаётида ўзгариш қилганини кўришни истайди. Бу энг муҳим жиҳат. Қонунлар ва стратегиялар бор — энди энг асосий вазифа уларни амалга ошириш. Ислоҳотлар аҳолига яқин, уларнинг эҳтиёжларига мос бўлиши зарур. Ва энг муҳими — одамлар бу жараённи ўзиники деб ҳис қилишлари керак. Агар халқ мулкдор бўлмаса, ислоҳот самара бермайди. Шунингдек, доим ўзини танқидий баҳолай олиш керак. Хато бўлиши мумкин — лекин муҳим томони шундаки, хато тан олиниб, тўғриланиши керак. Мен Президент томонидан болалар вақтини инобатга олинаётганини жуда қадрлайман. Чунки бола вақти – сиёсатчилар вақти эмас. Ҳаракат керак – ҳозир ва шу ерда.
Мен учун бу учрашув ва суҳбат жуда қадрли бўлди. Эътибор ва қизиқиш учун самимий миннатдорлик билдираман. Катта раҳмат!
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА
- Қўшилди: 02.06.2025
- Кўришлар: 468
- Чоп этиш