Коррупциянинг олдини олиш кластери жорий этилди

Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони коррупцияга қарши курашишда сифат жиҳатдан янги институционал ёндашув – Коррупциянинг олдини олиш кластерини жорий этди.

Мазкур кластер моҳияти ва аҳамияти ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов гапириб берди:  

– Мазкур кластер коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг доимий ва тизимли ҳамкорлигига асосланади.  

Илмий нуқтаи назардан, бундай ёндашув коррупцияни алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида эмас, балки бошқарув тизимидаги нуқсонлар, институционал хавфлар ва жамоатчилик ишончига таҳдид солувчи омиллар мажмуаси сифатида баҳолашга хизмат қилади.  

Шу боис, кластер модели жазоловчи чоралар устуворлигига асосланган ёндашувдан воз кечиб, коррупциянинг олдини олишга қаратилган профилактик, тизимли ва жамоатчиликка таянган сиёсатни шакллантиради.

Коррупциянинг олдини олиш кластери ўзининг ҳуқуқий моҳиятига кўра, Конституцияда мустаҳкамланган давлат ҳокимиятининг халқ манфаатларига хизмат қилиши, очиқлик ва шаффофлик ҳамда фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи каби фундаментал тамойилларга таянади. Бу ҳолат коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг якка ва ёпиқ субъект сифатида эмас, балки жамият билан ҳамкорлик қилувчи, ҳисобдор ва очиқ институт сифатида фаолият юритишини англатади.  

Амалий жиҳатдан эса, кластер идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва илмий таҳлилга асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Фармонда фуқаролик жамияти институтларига коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколатининг белгиланиши мазкур тизимнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.  

Жамоатчилик эшитувлари, мониторинг ва жамоатчилик фикрини ўрганиш каби механизмлар орқали жамоатчилик назорати декларатив тамойил даражасидан чиқиб, давлат органлари фаолиятини очиқ, шаффоф ва ҳисобдор қилишга хизмат қиладиган амалий ҳуқуқий инструментга айланади.

Илмий адабиётларда жамоатчилик назорати давлат фаолиятини чеклаш эмас, балки уни самарали ва жамият манфаатларига мос равишда ташкил этишга қаратилган институт сифатида баҳоланади. Мазкур фармон ушбу ёндашувни миллий ҳуқуқий тизимда институционал жиҳатдан мустаҳкамлади.

Коррупциянинг олдини олиш кластерининг яна бир муҳим жиҳати унда илмий муассасалар ва коррупцияга қарши ички назорат, яъни комплаенс бўлинмаларининг иштирок этишидир.  

Илмий муассасаларнинг жалб этилиши коррупцияга қарши сиёсатни далилларга асосланган, илмий таҳлилга таянган бошқарув моделига айлантиради.  

Ички назорат бўлинмалари эса, давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавфларни бошқариш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда институционал масъулият маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Бу ҳолат коррупцияга қарши курашишни фақат ташқи назорат ва жавобгарлик чораларига боғлаб қўймасдан, ички масъулият ва ўзини ўзи назорат қилиш механизмлари билан бойитади.

Фармонда назарда тутилган нормалар БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида белгиланган коррупциянинг олдини олиш сиёсати, фуқаролик жамияти иштирокини таъминлаш ва давлат ҳамда жамият ўртасидаги ҳамкорлик тамойилларига тўлиқ мувофиқ келади. Бу эса, Ўзбекистоннинг халқаро коррупцияга қарши  мажбуриятларини миллий ҳуқуқий механизмлар орқали амалий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президент фармонида назарда тутилган Коррупциянинг олдини олиш кластери коррупцияга қарши курашиш соҳасида янги институционал парадигмани шакллантирди.  

Ушбу модел давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини реал ҳуқуқий механизмга айлантириш ҳамда коррупцияга қарши сиёсатни профилактика, очиқлик ва ҳисобдорликка асослашга қаратилган.  

Натижада коррупцияга қарши курашиш жазога асосланган марказли ёндашувдан воз кечиб, конституциявий қадриятлар ва жамоатчилик иштирокига таянган барқарор ҳуқуқий тизим сифатида намоён бўлади.  

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech