24 апрель куни Люксембургда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 17-мажлиси бўлиб ўтди. Европа делегациясига Чехия Республикаси Ташқи ишлар вазири Ж.Липавский, Ўзбекистон Республикаси делегациясига эса Ташқи ишлар вазири Б.Саидов бошчилик қилди.
Мамлакатимиз делегацияси таркиби Адлия вазирининг ўринбосари М.Икромов, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари О.Ҳамроев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоевдан иборат. Мажлисда Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси вакиллари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Муҳим минтақавий ва халқаро мавзулар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида сўз юртилди. Шунингдек, жамиятимизни демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги шиддатли ўзгаришлар самаралари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.04.2023
- Кўришлар: 4527
- Чоп этиш