Юртимизда 1 сентябрдан аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи ҳимояси янада кучайтирилди

Жорий йил 1 сентябрдан Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилгани шулар жумласидандир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шу борада тегишли вазифалар белгиланган. Бу ўринда қарорнинг 3-банди ҳақида сўз бормоқда.

Ушбу бандга кўра, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб иш берувчилар томонидан ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қиладиган «Cаll-марказ»ни ишга тушириши зарур.

Вазирликка «Cаll-марказ» орқали фуқаролардан тушаётган барча мурожаатларни умумлаштириш ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш, ушбу мурожаатлар бўйича ташкилотлардан зарур маълумотларни талаб қилиш, шунингдек, қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаш ваколати берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech