«Конституция – халқчил давлат,
барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирлари қизғин руҳда ўтказилмоқда. Байрамни муносиб кутиб олиш бўйича ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этишда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур Фармойиш билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастурида туман ва шаҳар марказларида, жумладан, Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишлаб "Конституция кўчаси"ни ташкил этиш белгилангани алоҳида диққатга сазовор. Чунки бундай замонавий тадбирлар, бир томондан, янги таҳрирдаги Асосий Қонунимизнинг тарғиботида халқчилликни таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатимиз айни соҳада ҳам дунёнинг илғор давлатлари билан ҳамқадамлигидан далолат беради.
Сайёрамиздаги турли мамлакатлар шаҳарлари меъморий қиёфасида Конституция мавзуси алоҳида ўрин эгаллаганини кузатиш мумкин. Авваламбор, кўплаб марказий кўча ва майдонлар Конституция номи билан аталгани диққатга лойиқ.
Академик Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” китобида қайд этилганидек, Греция ва Чилида, Варшава, Мехико, Монтивидео, Люксембург, Малага, шунингдек, Перунинг Ванкувер шаҳарларида Конституция майдони бор. Испания, Россия, Руминия, Польша, Украина мамлакатлари ҳамда Буэнос-Айрес ва Оттава шаҳарларида эса Конституция хиёбони мавжуд.
Қолаверса, Бельгия, Буюк Британия, Чехия, Франция, Испанияда, Литва пойтахти – Вильнюс ва Қозоғистон пойтахти – Остонада кўчалар Конституция номи билан аталган. Бир қанча мамлакатларда Конституцияга бағишлаб муҳташам меъморий обидалар, улуғвор монументлар тикланган.
Шу маънода, байрам муносабати билан юртимизнинг туман ва шаҳар марказларида ташкил этиладиган ҳар битта "Конституция кўчаси"да аҳолига турли сайёр хизматлар кўрсатиш, бепул ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат бериш, кўнгилочар ва совринли тадбирлар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим.
Шунингдек, Бош Қомусимизнинг аҳоли барча қатламларига етиб боришини таъминлаш мақсадида янги таҳрирдаги Конституция китоби бир неча тилларда, ҳатто ногиронлиги бўлган шахслар учун брайл алифбосида ҳам чоп этилгани ғоят аҳамиятлидир.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар бурчаги” ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўтган қисқа даврда худди шундай ҳуқуқий маърифат майдончалари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар Ахборот-кутубхона марказларида ҳам очилди. Уларга тегишли илмий-ҳуқуқий адабиётлар беғараз тақдим этилди.
Ишончимиз комилки, қутлуғ байрам кунлари жойларда “Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этадиган маърифий тадбирларни ўтказишда ана шу китоблар ҳам муҳим амалий аҳамият касб этади.
Мухтасар айтганда, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этган ҳолда қабул қилди. Шундай экан, янгиланган Асосий Қонунимиз давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратганидан ҳар қайси замондошимиз фахру ифтихор этиши табиийдир.
Отабек ФОЗИЛОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 30.11.2023
- Кўришлар: 3119
- Чоп этиш