Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – ижтимоий адолатнинг асосий шарти

Мамлакатимизда "Инсон қадри учун" деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда янгиланган Бош қомусимизда ҳам инсон қадр-қиммати, шаъни ва манфаатлари энг устувор даражага кўтарилди. “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан борилаётгани эътиборга молик. Зеро, инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда барча инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бирдек таъминланиши долзарб аҳамиятга эга.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан ўтказилган "Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – ижтимоий адолат барқарорлигининг асосий шарти сифатида" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда шулар хусусида сўз борди.    

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган йўналишлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган анжуманда Конституциямизда демократик жамиятнинг олий қадриятлари – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлар эканлиги таъминлангани эътироф этилди.  

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, унинг тамойиллари ва жамият учун аҳамияти ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган таълим платформасини яратиш, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принципларининг аҳамиятини таҳлил қилиш, дунёнинг турли мамлакатларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг ҳолатини кўриб чиқиш, муваффақиятли хорижий амалиётни аниқлаш каби масалалар муҳокама қилинди.  

Тадбирда ЖИДУ профессорлари Н.Нугманов, Иса Ҳамидов ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, давлат органлари фаолиятига тизимли ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.  

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётига уларни татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида марказий ўринни эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилаётгани унинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилмоқда.  

Шунингдек, аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилгани, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди.  

Тадбирда айтиб ўтилганидек, конференция якунлари бўйича халқаро тезислар тўплами нашр қилинади.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech