Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси Боку шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди. Делегация аъзолари 2024 йил 24 январь куни очилган “Озарбайжон Республикасида Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари” доирасидаги маданий-маърифий тадбирларда иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари А.Саидов 25 январь куни Озарбайжоннинг Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институтига ташриф буюрди. Бу ерда томонлар ўртасида самимий ва амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти Озарбайжон Республикаси Президентининг 1998 йил 30 ноябрдаги Фармойиши асосида дастлаб “Инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-тадқиқот институти” деган ном билан ташкил этилган. Мамлакат раҳбарининг 2016 йил 26 майдаги Фармойиши билан “Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти” дея қайта номланган.
Бугунги кунда Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ҳуқуқнинг турли соҳалари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари йўналишида илмий тадқиқотлар олиб боради. Шу билан бир қаторда, бу борада илмий-амалий тавсиялар тайёрлашни ташкил этиш билан шуғулланмоқда.
Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти фаолияти соҳасига инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш, норматив-ҳуқуқий тартибга солиш жараёнлари таъсирини баҳолаб бориш вазифалари ҳам киради. Институт, шунингдек, давлат ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билими, кўникма ва тажрибасини ошириш, мамлакатда ижтимоий-сиёсий тафаккур ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалаларига ҳам масъул ҳисобланади.
Институт раҳбарияти билан суҳбат давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Озарбайжоннинг Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини келгусида тасдиқлаш учун тайёрлаш ҳақида келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.01.2024
- Кўришлар: 2865
- Чоп этиш