Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоларининг Қашқадарё вилоятида ўтказган ўрганишлари ҳудуддаги кўзи ожизлар махсус кутубхоналари фаолиятида ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, Китоб тумани кузи ожизлар кутубхонасига тегишли бино туман ҳокимининг 2020 йил 5 июндаги 49-ф-сонли фармойишига асосан бузиб ташланган. Устига-устак фармойишда кутубхонани янги бино билан таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган. Оқибатда орадан 5 йил ўтганига қарамасдан туман кўзи ожизлар кутубхонаси ўз биносига эга бўлмай, 22-болалар мусиқа ва санъат мактабининг иккинчи қаватида фаолият юритиб келяпти. Бу кўзи ожиз китобхонлар учун қанчалик ноқулайлик туғдираётганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тугригида”ги Қонуннинг 23-моддасида республика ижро этувчи ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига монеликсиз кириши учун шарт-шароитлар яратиши ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона мослаштириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириши шартлиги белгиланган. Бироқ Китоб тумани ҳокимлиги мазкур талабга панжа остидан караганлиги яққол кўриниб турибди.
Афсуски, туман ҳокимлигининг қонун талабларига бефарқлиги бу билан чекланмаган. Аслида-ку, юқорида айтиб ўтилган фармойишнинг ўзи қонунга зид. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан туман ҳокими яроқсиз деб топилган давлат кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тугригида қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тугригида”ги Қонуннинг 7-моддаси ҳамда Президентнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари хулосасига кўра яроқсиз деб топилган давлат кучмас мулк объектларини бузиш тугригидаги қарорлар, вилоятлар ва Тошкент шахри хокимлари, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан қабул қилинади.
Сенат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар вилоятда кўзи ожизлар кутубхоналари билан боғлиқ аянчли ҳолат ягона эмаслигини кўрсатди.
Масалан, Деҳқонобод ва Косон туманларида кузи ожизлар кутубхоналари хусусий тадбиркорларга тегишли бўлган биноларга мажбурий жойлаштирилган. Натижада тадбиркорлар томонидан кутубхоналар фаолиятига тусликлар яратилиб, бинони бўшатиш талаби қуйилмоқда. Мунтазам равишда электр таъминотидан узиш, ходимларга босим ўтказиш, ҳатто кутубхона эшикларини қулфлаб куйиш ҳолатлари кузатиляпти.
Бу ўринда қонун нуқтаи назаридан тадбиркорни ҳам айблаб бўлмайди. Чунки “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли булған мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
Маҳаллий ҳокимликларнинг чиқарган зўрма-зўраки қарорлари эса бир томондан тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ бўлса, иккинчи томондан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини ҳам чекламоқда.
Бундан ташқари, вилоятнинг Шаҳрисабз, Нишон, Қарши, Ғузор туманлари ва Қарши шаҳрида фаолият юритаётган кўзи ожизлар учун мўлжалланган махсус кутубхоналар ҳозирги кунда бир хонали, сиғими чекланган биноларда жойлашган. Уларда энг зарур инфратузилмавий талаблар — уқув зали, махсус жиҳозлар, тегишли шарт-шароитлар умуман мавжуд эмас.
Вилоят маркази ва барча туманлардаги махсус кутубхоналарда энг асосий ҳисобланган санитария ва техник шарт-шароитлар (сув тармоғи, иситиш тизими, табиий газ, канализация ва хк.) яратилмаган. Аксарияти таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган. Бу эса нафақат меҳнат ва гигиена талабларига зид, балки жисмоний имконияти чекланган фуқароларга нисбатан давлат кафолатларининг бузилишидир.
Мазкур масала Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган тўққизинчи ялпи мажлисида қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Мажлисда ҳозир бўлган Маданият вазири ўринбосари Авазхон Тожихонов ушбу ҳолатдан вазирликнинг хабари борлигини ва уни бартараф қилиш вазифаси Қашқадарё вилояти ҳокимлигига юклатилганини айтиш билан чекланди. Масала юзасидан муносабати сўралган Қашқадарё вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зокиров эса кутубхоналардаги аҳволни ўнглаш юзасидан амалга оширилган ишлар борасида тайинли бир гап айтолмади. Фақат кўзи ожизлар жамиятининг моддий-техника базасини яхшилаш учун 100 млн. сўм ажратиб берилганини айтиб ўтди холос.
Ваҳоланки, бутун бир вилоят миқёсида бу маблағ етарли бўлармикан? Бу саволга жавоб беришни мутасаддиларнинг ўзига ҳавола қилган ҳолда статистикага мурожаат этамиз.
Мамлакатимизда 2024 йилги Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига 1 трлн. 100 млрд. 445 млн. 300 минг сўм ажратилган. Йил якунига келиб Сенат томонидан давлат харажатлари 9,98 трлн. сўмга кенгайтирилган ва шунинг доирасида Маданият вазирлиги учун моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва рағбатлантириш учун яна 100 млрд. сўм ажратилган. 2025 йил бюджет тақсимотида эса ушбу вазирлик учун 1 трлн. 172 млрд. сўм ажратиш кўзда тутилган. Қуряпсизми, шунга қарамасдан вазирликда кўзи ожизлар учун махсус кутубхоналардаги муаммоларни бартараф этишга маблағ топилмаган. Вилоят ҳокимлиги эса шунчаки ҳисобот учун 100 млн. сўм ажратиб куя қолган!..
Қашқадарё вилояти деганда, куз олдимизга ҳар томонлама катта имкониятларга эга бўлган замин келади. Нефть-газ саноати, пахта ва ғаллачилик, туризм соҳаларида вилоятнинг салоҳияти жуда катта. Аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёруғ дунёни қуриш бахтидан маҳрум, нурга ташна, имкониятлари чекланган инсонларга шароит яратиш масаласи, афсуски, эътибордан четда қолмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1 -моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилган. Ижтимоий давлатнинг асосий вазифаларидан бири эса аҳолининг муҳтож қатламларини ва эҳтиёжманд шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишдир.
Бош қомусимизда белгилаб қуйилган бу вазифалар давлат ижро ҳокимияти органи бўлмиш Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тааллуқли эмасми?
Бу саволларга улардан жавоб кутиб қоламиз.
Хамрокул КАРШИЕВ
(«Халқ сўзи).
«Халқ сўзи» газетасининг 2025 йил 8 август кунги 161 (9056)-сони
- Қўшилди: 08.08.2025
- Кўришлар: 180
- Чоп этиш