22 сентябрь – Бутунжаҳон автомобилсиз куни

Ушбу халқаро сана бутун дунёда аллақачон шунчаки номигагина ўтказиладиган тадбир эмас, балки ҳақиқий экологик акцияга айланиб улгурган. Бу халқаро куннинг даъвати транспортнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва сайёрамизга таъсири оқибатлари ҳақида чуқур фикрлашга қаратилгандир.

Ҳар йили шу санада турли мамлакатларнинг миллионлаб аҳолиси шахсий автомобилда юришдан тийилиш орқали ўз шаҳарлари ҳавосининг тозалигига ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳиссасини қўшади. Бундай ташаббус ўзида бой тарих, айни акция тадбирларида турли хил шаклларда иштирок этиш тажрибаси ва том маънода эришилаётган натижаларни мужассам этгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, «Автомобилсиз кун» тарихи ҳақида фикр юритганда, мазкур акцияни ўтказиш ғояси ХХ асрнинг энергия бўҳрони юз берган ва Швейцария ҳукумати фуқароларни ёнилғи танқислиги шароитида машиналардан фойдаланмай туришга чақирган даврда туғилганлигини қайд этиш лозим.

Айни чоғда, орадан неча ўн йиллар ўтиб, 1994 йили Испаниянинг Толедо шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда америкалик сиёсатшунос ва шаҳарсозлик бўйича мутахассис Эрик Бриттон илк бор «Автомобилсиз кун» акциясини мунтазам ўтказишни йўлга қўйиш концепциясини оммага эълон қилган. Бу таклиф тобора кучайиб бораётган экологик муаммоларга ечим топиш ва ҳавони ифлослантирадиган транспорт воситалари ҳаракатини даврий чеклаш йўлидаги амалий тавсия сифатида қабул қилинди.

Бугунги кунда ушбу акцияда сайёрамиздаги 2 мингта шаҳарнинг 100 миллиондан ортиқ аҳолиси иштирок этмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – транспортнинг табиатга келтирадиган зарари ҳақида эслатиш, қолаверса, шаҳарда ҳаракатланишнинг бошқа хилдаги ва безиён имкониятлари мавжудлигини амалда намоён қилишдир.

Шаҳардан ҳаракатланишнинг бошқа хилдаги ва безиён имкониятлари, деганда нималарни тушуниш мумкин?

Бу ўринда, даставвал, камида бир кеча-кундуз мобайнида транспортни бошқаришдан тийилиб, шаҳарда ҳаракатланишнинг янги усулларини кашф этиш ҳақида сўз бораётганига эътибор қаратиш керак бўлади. Бунда жамоат транспорти – автобус, трамвай, троллейбус ва метро поездлари хизматидан фойдаланиш энг осон йўл ҳисобланади. Ўз навбатида, акция доирасида ҳаракатланишнинг ушбу бирламчи қулай ва арзон усулига алоҳида эътибор қаратилишини рағбатлантириш учун ҳокимият томонидан йўл ҳақи камайтирилиши мумкин.

Шаҳарда ҳаракатланишнинг яна бир оммабоп усули – велосипед ҳайдашдир. Бу усул, бир томондан, экология тозалигини таъминлаш йўлида қўл келса, иккинчи томондан, инсон саломатлигини яхшилаш учун ҳам фойдалидир. Жаҳоннинг, шу жумладан, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида велосипедчилар йўлаклари барпо этилаётгани, оммавий веломусобақалар уюштирилаётгани бу борада катта маърифий ва амалий аҳамият касб этади.  

Шаҳарда ҳаракатланишнинг учинчи безиён тури – пиёда сайр. Бундай сайр ёрдамида қисқа масофаларни машаққатсиз забт этса бўлади. Қолаверса, ҳозирги замонавий шароитда кўчаларда кўпайган электросамокат ва электровелосипедлардан ҳам бемалол фойдаланиш мумкин. Муҳими, ҳаракатланишнинг ушбу усули экологияга етказиладиган зарар миқдори камайишига олиб келади, шунингдек, йўловчиларда кундан-кун ўзгариб ва чирой очиб бораётган шаҳар манзараларидан завқ олиш имконияти ортади.

Бир кунга транспорт воситасини бошқаришдан воз кечишнинг табиатга ва соғлиққа қандайдир нафи борми ўзи?

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, транспорт ҳайдашдан атиги бир кунгина воз кечиш ҳам сезиларли даражада фойда келтиради. Аввало, экология жиҳатидан ёндашилса, ҳавони булғайдиган зарарли чиқиндилар миқдори камаяди ва бу натижа жуда муҳимдир. Чунки, статистика маълумотларига қараганда, шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши омили 80 фоиз ҳолатда автомобиллар ҳиссасига тўғри келади.

Шу маънода, транспорт воситасини бошқаришдан воз кечиш инсон соғлиги учун ҳам кераклидир. Айниқса, пиёда юриш ёки велосипед ҳайдаш жисмоний фаолликни оширади. Натижада юрак-қон томир тизими мустаҳкамланади, ҳар хил қисилишлар барҳам топади ва кайфият яхшиланиб, бардамлик ортади. Ўз навбатида, кўчаларда машиналарнинг озлиги шаҳар йўлларида тиқилинч ва шовқинларнинг  камайишига олиб келади.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, «Автомобилсиз кун» акцияси автомобиллардан бутунлай воз кечишга даъват этмайди. Бугунги замонавий турмуш шароитларида бунинг имкони ҳам йўқ.

Энг муҳими, ҳар йили бир кун бўлса ҳам, инсон ўрганиб қолган машинаси рулидан воз кечиб, ҳаракатланишнинг бошқа усулларига мурожаат қилиш учун ўзида хоҳиш-ирода топишидир. Шундагина инсонга, жамиятга ва табиатга фойда ҳамда манфаат кўп бўлади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech