Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида кўплаб муҳим қарорлар қабул қилинмоқда ва ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги “Умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада навбатдаги қадам бўлди.
Ҳукуматнинг янги қарори, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган. Бунда, жумладан, умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини камайтириш мақсадида «Оқилона истеъмол» («Save food») дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида 2026 — 2030 йиллар «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври» деб эълон қилинди. Бунда:
-
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши қатъий назоратга олинади;
-
аҳоли эҳтиёжига етарли даражада ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади;
-
аҳоли орасида ўртача кунлик рационал овқатланиш нормативлари асосида тўғри овқатланиш бўйича тушунтириш тадбирлари ўтказилади;
-
озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳосил бўлган чиқиндилар қайта ишлаш корхоналарига топширилиши таъминланади.
Қарор билан танишиш асносида улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан қарийб 111 йил олдин айтган: “...Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек сиз-да, ҳатто, лозим бўлганда мулкингизни сотсангиз-да ўғлингизни замонча ўқумоқиға саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!..”, деган сўзларини эсладик («Ойина» журнали, 1914 йилги 21-сон, “Ёшларға мурожаат” мақоласи).
Айтмоқчимизки, барибир, бу борадаги камчилик ва иллатлар орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтиб ҳам тўлиқ бартараф бўлмади. Зотан, тўй-тантаналар, маърака-маросимлар ўтказишда исрофгарчилик, базмбозлик, ортиқча харажатбозлик каби бемаъни одатлар бирданига пайдо бўлган эмас. Улар йиллар, асрлар давомида йиғилиб иллатга айланган. Бу иллатлар ҳар бир даврда шакл-шамойилини, қиёфасини ўзгартирган ҳолда ўзини турли кўринишларда намоён қилиб туради.
Аслида, тўй – ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда эъзозланадиган, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштиришга, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, барчани яхшиликка ундайдиган, шодлик, хурсандчилик бағишлайдиган маросим. Тўй жараёнида инсонпарварлик, иззат-икром, меҳрибонлик, меҳмоннавозлик, иноқлик каби олийжаноб фазилатлар ўз ифодасини топади. Инсон зотини қадрлаш, ҳурматлаш ва улуғлашда тўйлар беқиёс аҳамиятга эга.
Нуронийларимиз “Топганинг тўйларга буюрсин!” деб дуо қилади. Тўй билан боғлиқ чиройли урф-одатларимиз азал-азалдан шаклланиб келган ва бу эзгу қадрият халқимизнинг бой маънавий мероси, маданияти даражасига кўтарилган.
Аммо кейинги пайтларда дабдабабозлик, манманлик, ким ўзарга тўй қилиш, катта исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ортиқча иллатлар, турли одамлар томонидан ўйлаб топилиб, жорий этилаётгани ва қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган урф-одатлар авж олаётгани дилни хира қилади. Айниқса, тўй ўтказишда: инсонпарварлик – нарсапарастликка, иззат-икром – манманликка, меҳрибонлик – таъна-ю зуғумга, меҳмоннавозлик – тилёғламаликка, иноқлик – гина-кудуратга ўрин бўшатиб бераётгани ачинарлидир.
Тўғри, тўй-маросим, маъракани қандай ўтказиш ҳар бир шахснинг ҳуқуқи. Аммо шахснинг жамият, давлат, халқ олдидаги, минглаб йиллар давомида шаклланган қадриятлар, миллий анъаналар олдидаги бурчи-чи? Сенинг ҳуқуқинг – ўзганинг ҳуқуқи бошланган жойда тугайди, дейдилар.
Бинобарин, тўй – бир кишининг шахсий иши бўлмай, у кенг жамоатчилик ташаббуси ва иштироки билан ўтадиган тантана. Шунинг учун тўйларни замон талаби даражасига кўтариш доимо муҳим ҳисобланади. Ва, албатта, тўйларни ўзига хос байрам тарзида ташкил этиш, ҳар томонлама тартибга солиш, ихчамлаштириш, айниқса, бадиий жиҳатдан бойитиш ҳозирги давр – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг долзарб талабидир.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низом” тасдиқланган. Ушбу Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга ҳисобланади.
Қўшма қарор ва Низомга мувофиқ, жойларда тўй-ҳашамларни 200-250 одамдан кўп бўлмаган, санъаткорлар иштироки икки гуруҳдан ошмаган, дабдабабозлик, исрофгарчилик, ортиқча ҳашамдорлик, пул сочиш, шуҳратпарастлик каби иллатларга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш белгиланган. Маъракалар ортиқча исрофгарчиликсиз, миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказилиши даркор.
Бундан ташқари, 2020 йил март ойида тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик жорий этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1921-моддасига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва урф-одатларни ўтказувчи шахс томонидан ушбу тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя қилмаслик:
-
фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3,75 миллион сўм);
-
мансабдор шахслар ва муассасалар эгаларига 30 баравари (11,25 миллион сўм);
-
такроран бузилганда эса 50 баравари (18,75 миллион сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, тўйларни тартибли тарзда ўтказиш масаласига яқин юз йилдан буён қайта-қайта мурожаат қилинаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, бир томондан, яхши – чунки бундай ҳаётий масалага жамиятимиз ва давлатимиз бефарқ эмаслиги диққатга лойиқдир.
Иккинчи томондан, айни муаммога ҳалигача энг мақбул, ҳар томонлама жўяли ва мўътадил ечим топилмаганлиги ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, коррупцияни енгиш учун, биринчи навбатда, унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган ўқилдизларини қуритиш шарт.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 23.09.2025
- Кўришлар: 112
- Чоп этиш