28 СЕНТЯБРЬ – ХАЛҚАРО АХБОРОТДАН ЭРКИН ФОЙДАЛАНИШ КУНИ
Ахборотни эркин олиш ва тарқатиш ҳар бир демократик жамиятнинг асосий таянчларидан биридир. 2019 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 28 сентабрни “Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни” сифатида эълон қилгани ҳам бу ҳуқуқнинг жаҳон миқёсида эътироф этилганини кўрсатади.
Замонавий жамиятда ахборот энг муҳим ресурслардан бирига айланди. У давлат ва жамият фаолиятининг очиқлигини таъминлайди, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда сиёсий фаоллигини оширади. Шу боис, демократик давлатларда ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари қаторида мустаҳкам ўрин эгаллайди.
Шарқ уйғониш даври мутафаккирлари асрлар аввал ахборот ва билимнинг бебаҳо аҳамиятини юксак қадрлаганлар. Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида инсон бахти ва жамият тараққиётини илм билан боғлаган. Ибн Сино “Донишнома” асарида илмни жамият ривожи ва инсон саломатлиги учун очиқ тарзда тарқатиш зарурлигини таъкидлаб, билим яширилса, унинг қиймати йўқолишини уқтирган. Алишер Навоий эса, маърифат ва илмни инсонни улғайтирадиган, жамиятни бирлаштирадиган куч сифатида эътироф этган. У “Маорифсиз инсон – қанотсиз қуш” дея таъкидлаб, илм ва ахборотнинг эркин тарқалиши қанчалик муҳим эканини ёритган. Абу Райҳон Беруний эса, илм-фан ва кузатув орқали ҳақиқатни очиш зарурлигини уқтирган.
“Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонун ҳар бир фуқаронинг ахборот излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқини, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун эса, ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқини кафолатлайди.
Ахборотдан эркин фойдаланиш демократиянинг асосий шартидир. Бироқ бу ҳуқуқ масъулиятни ҳам талаб қилади. Интернет орқали исталган маълумотга эга бўлиш мумкин, аммо уларнинг ишончлилигини текшириш - ҳар бир фуқаронинг бурчи. Чунки XXI аср – рақамли технологиялар, интернет ва глобал асри. Рақамларга эътибор қаратсак, Google қидирув тизимида кунига 16,4 миллиард қидирув амалга оширилади, Wikipedia онлайн энциклопедиясида 65 миллиондан ортиқ мақола мавжуд, YouTube платформасига эса, ҳар дақиқада 500 соатлик видео юкланади. Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари 93 фоиздан, мобил интернет фойдаланувчилари эса 95 фоиздан ошган. Миллионлаб одамлар маълумот олиш, янгиликларни кузатиш, илмий тадқиқотларга кириш учун интернетдан фойдаланмоқда.
Ахборотдан эркин фойдаланиш инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми бўлиб, ҳар бир кишига билим олиш, тўғри қарор қабул қилиш имконини беради. Бу ҳуқуқ демократик жамиятнинг пойдевори, илм-фан ва маданият тараққиётининг муҳим омилидир. Ахборот эркинлиги – инсон ҳуқуқи, киберхавфсизлик эса унинг ишончли қалқонидир. Иккаласи уйғун ҳолда амал қилгандагина, жамият очиқ ва хавфсиз бўлади. Бу эса XXI аср демократик тараққиётининг энг муҳим шартларидан биридир.
28 сентабр – Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни бизга фақат ахборот олиш ҳуқуқини эмас, балки уни масъулият ва хавфсизлик билан қўллаш зарурлигини ҳам эслатади. Бу йўлда ҳар бир шахс, жамият ва давлат ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Малика ТАЛИПОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
бош мутахассиси
- Қўшилди: 23.09.2025
- Кўришлар: 103
- Чоп этиш