Ахборот майдонидаги таъсирчан куч
БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 17 декабрда қабул қилган қарорига мувофиқ, 21 ноябрь Бутунжаҳон телевидение куни сифатида эълон қилинган.
Бош Ассамблея телевидениени турли можаролар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи вазиятлар, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий масалаларга оид муҳим ахборотни жаҳон жамияти эътиборига тезкор етказиш имконини берувчи таъсирчан восита сифатида эътироф этган. Телевидение айни вақтда жамоатчилик фикрини шакллантириш ва бошқаришнинг муҳим механизми ҳисобланади.
Телевидениенинг шаклланиши XX аср бошларига тўғри келади. 1930-йиллар аввалида собиқ Совет Иттифоқи олим ва муҳандислари Б.Розинг, С.Катаев, А.Константинов, П.Тимофеев, П.Шмаков, америкалик ихтирочилар В.Зворыкин ва Ф.Фарнсуорт, британиялик муҳандис А.Кемпбелл-Суинтон ҳамда бошқа мутахассисларнинг саъй-ҳаракати туфайли телевизор амалда қўлланиш босқичига етказилган.
Дастлабки телевизорлар тасвирни фақат оқ-қора кўринишда намойиш қилган. 1950-йиллар бошларида АҚШ, собиқ СССР ва бир қатор бошқа мамлакатларда рангли телевидение тизимлари ишлаб чиқила бошланди.
Қатор манбаларда замонавий телевизорнинг ватани сифатида пойтахтимиз Тошкент шаҳри тилга олинади. 1928 йили тошкентлик кашфиётчилар Б.Грабовский ва И.Белянский томонидан электрон телевидение яратилган бўлиб, тажриба тариқасида ишлатилган бу илк телевизион ускуна “телефот” деб номлангани диққатга сазовор.
Бугунги кунда ахборотни тезкор етказишда интернет ва ижтимоий тармоқлар имкониятлари кескин кенгайди. Жамоатчилик ҳар қандай воқеа-ҳодиса ҳақида қисқа вақт ичида онлайн манбалар орқали маълумот олмоқда. Шу боис телевидениенинг рақобатбардошлигини сақлаш учун унга замонавий технологияларни жалб этиш талаб этилади.
Оммавий ахборот воситалари кучли мафкуравий таъсирга эга восита ҳисобланади. Улар омманинг тарбиячиси, муҳим жараёнларнинг ташкилотчиси, долзарб муаммоларни ёритиш ва ҳал этишда таъсирчан механизм бўлиб хизмат қилади. Шу орқали миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий ғоя ва демократик тамойиллар тарғиб этилади. Эркин ва мустақил ОАВ демократиянинг ўзига хос мезони бўлиб, жамият тараққиётини рағбатлантиради ва мустаҳкамлайди.
Ҳозирги глобал ахборот муҳити миллий ва халқаро хавфсизликка оид янги ёндашувларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Ахборотга бўлган талаб, айниқса, бугунги кунда жуда юқори. Шундай шароитда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш, жамоатчилик эҳтиёжини қондириш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этади.
Демократик жамиятда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телерадиоканаллар эркин фикр, гуманистик ғоялар ва илғор ташаббусларни ифода этувчи очиқ минбар сифатида баҳоланади. Дарҳақиқат, жаҳон миқёсидаги улкан ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ва фан-техникадаги илғор янгиликлар айнан ОАВ орқали кенг жамоатчиликка етказилмоқда.
Бугунги кунда ҳам телевидение жамоатчилик фикрини шакллантириш, йўналтириш ва назорат қилишнинг муҳим воситаси сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Севара ИШМУРАТОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи
«Iste’mol madaniyati» газетасининг 2025 йил 20 ноябрь кунги 21 (213)-сони
Ўзбекча
English
Русский