КАМИДА 10 ТА КИТОБ ЎҚИШИМИЗ КЕРАК!
Йил давомида!! Ҳар биримиз!!!
14 февраль – Халқаро китоб улашиш куни
Жорий йилда ушбу халқаро сана Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини изчил бажаришга киришилган қизғин паллада нишонланмоқда. Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини оширишдан иборат.
Юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланди. Агар ўтган йили китобсеварликда пешқадамлик намоён этган АҚШда бир киши йил давомида 17 та, Ҳиндистонда эса 16 та атрофида китоб ўқиганлигига эътибор қаратилса, мамлакатимизда ҳам бу соҳада мақбул кўрсаткичларга эришиш учун зарур қадамлар қўйилмоқда.
Хусусан, Президентимиз Қарорига кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари фаолияти йўлга қўйилади. Энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.
Қарорга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда, жумладан, “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади. Китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади ва танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.
Маълумки, Халқаро китоб улашиш куни (International Book Giving Day) – китоб ўқишни, китоблар совға қилишни ва шу аснода ўзгаларга ҳам эзгулик соғинишни ва маърифат улашишни яхши кўрадиган барча инсонларни ўзаро бирлаштиради. Бу муҳим кунни байрам қиладиганлар кўлами мунтазам ортиб бормоқда.
Халқаро китоб улашиш куни муносабати билан инсонлар дўсту яқинлари, қариндошу бегоналарга китоблар туҳфа этади. Одатда, бундай ноёб совғалардан кутубхоналар, болалар уйлари, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари ҳам бебаҳра қолмайди.
Янги сана бўлгани учун унинг келиб чиқиш тарихи анча навқирон. БМТ таъсис этган йирик халқаро саналар ёки давлатлар тасдиқлаган миллий байрамлар, диний айёмлар ва турли касб кунларидан фарқли равишда Халқаро китоб улашиш кунини байрам қилиш ташаббусини 2012 йилда оддийгина бир инсон – америкалик фуқаро Эмми Бродмур илгари сурган.
АҚШда болалар китоблари бўйича сайтга асос солган Э.Бродмур уч нафар фарзанднинг онаси бўлиб, бир куни болалари ундан: “Нима учун дунёда инсонлар бир-бирига китоб ҳадя этадиган алоҳида байрам мавжуд эмас?”, деб сўраб қолишади. Шу ўринли савол замиридаги уйғоқ ғоя, ўз навбатида, ёрқин ташаббусга айланади ва ниҳоят амалиётга кўчади.
Эмми хоним ўзига яхши таниш блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, ҳамкасб ва ҳамкорлари билан кенгашиб, 2012 йил 14 февралдан эътиборан “Халқаро китоб улашиш куни”ни нишонлашга киришади. Шунинг учун дунёнинг турли мамлакатларида китобсевар инсонлар, ноширлар, китоб дўконлари эгалари, хайрия фондлари ва ижтимоий ташкилотлар қўллаб-қувватлаётган мазкур санада аввало болажонларга китоблар ҳадя этилиши хайрли анъанага айланган.
Ушбу маърифат байрамининг улуғ шоҳ ва шоир аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунга тўғри келганида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам. Зеро, Мирзо Бобурнинг биргина “Бобурнома” китоби ёқ жаҳон маърифат аҳлининг неча-неча авлодлари учун муҳташам ва ноёб туҳфадир.
Кейинги йилларда юртимизда китоблар ҳадя этиш билан боғлиқ ушбу эзгу таомиллар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таҳсинга сазовор. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги тўққиз йилда қабул қилинган стратегик дастурлар доирасида беқиёс кўламдаги маърифий тадбирлар амалга оширилди, китобхон ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларимиз учун зарур адабиётларни нашр этиш ва кенг миқёсда тарқатиш йўлга қўйилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда тақдим этилган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борамиз”, деб таъкидланди. Шу асосда янгидан ишлаб чиқилган 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ:
-
кутубхона фондларидаги китоблардан 100 фоиз электрон тарзда фойдаланиш имкониятини яратиш;
-
“Мутолаа” лойиҳаси орқали китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва 4,2 миллион нафар ёшларни қамраб олиш;
-
“Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлик тўпламининг 51–100 жилдларини нашр этиш;
-
ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини 150 мингтага ошириш кўзда тутилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, турли даражалардаги раҳбарлар, депутатлар ўзлари ўқиган мактабига китоблар совға қилиш, шу орқали кутубхоналар ташкил этиш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш ишига бевосита ҳисса қўшмоқдалар. Президентимиз бу борада ҳам шахсий намуна бўлиб келаётганининг тасдиғи учун бир ҳаётий мисолга тўхталамиз.
Гап шундаки, 2025 йил 9 июнда IV Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этган Болгария Президенти Румен Радев Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан юзма-юз учрашуви ҳақида, жумладан, шундай самимий сўзларни айтди: “Мен жуда кўп давлатлар раҳбарлари билан учрашганман. Лекин биринчи марта менга китоб совға қилинди. Мазкур китоб ажойиб бир тарихни ўзида акс эттирган. Унда ўзбекистонлик мутахассислар томонидан Болгариянинг имкониятлари, саноати, юксак технологиялари ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунинг учун бу китобни нафақат мамнуният, балким ўзим учун уй вазифаси сифатида ҳам қабул қилдим”.
Ўзбекистон Президенти хорижий давлатлар бошлиқлари ва ҳукуматлар раҳбарларига, таниқли давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илму маърифат намояндаларига китоблар туҳфа этишдек ибратли амал ижобатига ўз фаолиятининг дастлабки давриданоқ астойдил киришганлиги бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари, жумладан:
-
2017 йилда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга – Маҳтумқулининг «Элингга бахш айла» номли китобини;
-
2017 йилда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга – И.Савицкий номидаги давлат санъат музейининг дунё санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган бебаҳо экспонатларига бағишланган “Саҳродаги Лувр” альбом-китобини;
-
2017 йилда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга ўзининг қаламига мансуб “Давлат бошқаруви тўғрисида” номли китобнинг ўзбекча нашрини;
-
2017 йилда Қозоғистоннинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоевга – унинг ўзбек тилида чоп этилган «XXI аср бўсағасида» номли китобини;
-
2017 йилда Қирғизистоннинг ўша вақтдаги президенти Алмазбек Атамбаевга – «Манас» қирғиз халқ эпосининг ўзбек тилидаги таржимасини;
-
2018 йилда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга – Абдураҳмон Жомийнинг “Муҳаббат махзани” асарини;
-
2018 йилда Беларусь давлат раҳбари Александр Лукашенкога – Якуб Коласнинг Ўзбекистонда нашр этилган «Қадрдон қўшиқлар»(«Родние песни») китоби илк нусхасини;
-
2018 йилда Франция Сенати раиси Жерар Ларшега – Франция Конституциясининг ўзбек ва француз тилларида чоп этилган нусхасини;
-
2019 йилда Германиянинг ўша вақтдаги федерал канцлери Ангела Меркелга – атоқли немис адиби Иоганн Вольфганг фон Гётенинг «Фауст» асарини;
-
2019 йилда ГФРнинг Бавария ери бош вазири Маркус Зёдерга – Германия музейларида сақланаётган Ўзбекистон тарихий ёдгорликлари ҳақидаги китоб-альбомни;
-
2019 йилда Япония парламентининг қуйи палатаси раиси Тадамори Осимага – Япония Конституциясининг ўзбек тилидаги нашри биринчи нусхасини;
-
2019 йилда Япониянинг Нагоя университети кутубхонасига – Япония Конституцияси, «Япон шеърияти гулдастаси», «Марказий Осиё маданий мероси Япония тўпламларида», «Ўзбекистон япониялик қалбида» каби ўзбек тилида чоп этилга бир қанча китоб ва альбомларни;
-
2020 йилда “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййибга – Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг XIII асрга оид нусхаси – факсимилесини;
-
2021 йилда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга – “Daha Adil Dünya Mümkün” (“Дунё янада адолат бўлиши мумкин”) китобининг ўзбек тилида чоп этилган нашрини;
-
2021 йилда Венгрия бош вазири Виктор Орбанга – Янош Аран ёзган «Ажойиб оҳунинг ҳикояти» асарининг ўзбекча таржимасини;
-
2022 йил Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга – туркий халқлар маданий мероси ҳисобланган «Дада Қўрқут китоби»нинг ўзбек тилидаги нашрини;
-
2022 йилда Покистон бош вазири Имрон Хонга – урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини;
-
2025 йилда Франция Президенти Эммануэль Макронга – француз мумтоз адиби Виктор Гюгонинг «Кулаётган одам» романи ўзбекча нусхасини;
-
2025 йилда АҚШ президенти Дональд Трампга – Трампнинг «The Art of the Deal» китобининг ўзбек тилидаги таржимасини совға қилган.
-
Бу маънавий-маърифий туҳфаларнинг барчаси, шубҳасиз, ушбу давлатлар билан ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш борасида амалга оширилаётган эзгу амалларнинг барчаси китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда катта роль ўйнаши тайин. Бу, айниқса, Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ва Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклашга азму жазм этган бунёдкор юртдошларимиз учун жуда муҳим.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский