Энди ҳар ойда “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 25 мартда “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.
Фармонга кўра, жумладан, 2026 йил 1 майдан ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун”, “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади. Бунда:
-
мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
-
ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.
2026 йил 1 августдан “trade-in” дастури доирасида эскирган автотранспортларни топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.
2026 йил якунига қадар “Экологик транспорт” тизими доирасида Тошкент шаҳрининг ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зоналарига ажратиб чиқилиши таъминланади.
Маълумот учун: автоуловларнинг ҳавони ифлослантириш билан боғлиқ зарарини камайтириш, табиат софлигини асраш, шунингдек, инсонлар онгида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида дунёда 1995 йилдан буён ҳар йили “Автомобилсиз кун” тадбирлари ўтказиб келинади.
Ўзбекистонда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йилдан эътиборан ҳар ойда “Автомобилсиз кун” ўтказиш жорий этилган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги 37-сонли қарори ҳам қабул қилинган. Ушбу акция экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали ҳар биримиз ўзимиз нафас олаётган ҳаво тозалигига ҳисса қўшишимизга шароит яратаётгани билан муҳимдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский