«Темур тузуклари» – енгилмас ҳарбий-назарий тафаккур манбаи
8 апрель куни Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида “Амир Темурнинг жаҳон ҳарбий санъатига қўшган ҳиссаси" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Халқаро анжуман буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланди.
Тадбирда темуршунос олимлар, тадқиқотчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро дипломатик корпус вакиллари, ҳарбий атташелар, мамлакатимиз куч тузилмаларининг раҳбарлари, Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Халқаро илмий-амалий конференция ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қатнашди ва сўзга чиқди. Академик А.Саидов даставвал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида, жумладан, “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини ўзбек тилида (лотин ва кирилл алифболарида), шунингдек, форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш белгиланганига эътиборни қаратди.
Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва қонунчилик тизими бутун Темурийлар салтанатида ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз аксини топиб, улкан амалий аҳамиятга эга бўлган. Жумладан, Буюк Ипак йўли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилганки, бу билан савдо-тижорат ривожига катта ҳисса қўшган Шарқу Ғарб мамлакатларини бир-бирига янада яқинлаштирган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида ушбу Асосий Қонун "давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб" қабул қилинди, деб таъкидланган. Ўзбек давлатчилиги ривожи тарихий тажрибасининг энг муҳим қисми – Амир Темур ва Темурийлардан мерос ҳуқуқий, сиёсий ва тарихий манбалар, айниқса, “Темур тузуклари", "Бобурнома", "Жаҳонгир тузуги", "Ҳумоюннома", "Зафарнома" каби кўплаб нодир асарлардан иборатдир.
Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва амалий фаолияти ҳар доим адолат ва инсоф меъёрлари билан ҳамоҳанг бўлган. Улуғ Соҳибқирон ўз давлати ҳудудларида тузук-тўра ва шариат қоидалари устуворлигини амалда таъминлаган. Бу ҳақда, жумладан: “Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим; ойлик ҳақларини сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озиқ-овқатларини бирваркайига бердим”, дейилади “Темур тузуклари”да.
Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши билан ҳарбий иш соҳасида улкан ўзгаришлар юз берган, улар Шарқу Ғарб ҳарбий-назарий тафаккури тараққиётида катта роль ўйнаган. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан Янги Ўзбекистон маҳсули – “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари ташкил этилгани бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Темурбеклар мактаби” ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ҳавас қиладиган маскан бўлиши керак. Бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарур”.
А.Саидов ўз маърузаси якунида алоҳида таъкидлаганидек, Президентимиз илгари сурган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ғояларини рўёбга чиқариш учун мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида шиддатли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётган ҳозирги даврда “Темур тузуклари” китоби бўйича ёшларимизга, навқирон ҳарбийларимизга мунтазам сабоқ берилаётгани ниҳоятда долзарб ва муҳим ютуқ ҳисобланади. Зеро, Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида давлатчилик фалсафаси тарихида янги дунёқарашга асос солган ва уни амалда муваффақиятли татбиқ этган улуғ зотдир.
Конференцияда, шунингдек, “Амир Темурнинг жанг стратегияси”, “Амир Темур ва Темурийлар даврида ижтимоий, маданий ва ҳарбий-сиёсий вазият”, “Амир Темурнинг қалъаларни эгаллаш маҳорати” каби ўнлаб мавзулар муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский