Ўзбекистон вакили Минскда инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказилган конференцияда иштирок этди

13 май куни Минск шаҳрида “Инсоннинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи: замонавий чақириқлар ва давлат масъулияти. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба ва илғор амалиётлар алмашинуви” мавзуида конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир МДҲда Соғлиқни сақлаш йили доирасида ташкил этилди.

Конференцияда Ҳамдўстликда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятининг илғор амалиётлари билан алмашиш, омбудсманларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари ҳамда соғлиқни сақлаш ҳуқуқи соҳасидаги ёшлар ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари И. Петришенко конференция иштирокчиларига табрик йўллади. Анжуман ишида Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон, халқаро ташкилотлар вакиллари, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси котибияти ҳамда Ҳамдўстлик Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Конференцияда мамлакатимиздан – Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабоев қатнашди.

Сўзга чиққанлар МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси шафелигида ўтказилган тадбир интеграция жараёнларида инсон ҳуқуқлари мавзусининг ўрни тобора ортиб бораётганининг ўзига хос ифодаси эканини қайд этдилар. Бинобарин, МДҲ Устави асосида тузилган Комиссия Ҳамдўстлик доирасида инсон ҳуқуқлари мониторингини олиб боришнинг муҳим маслаҳат механизми ва очиқ мулоқот учун майдонга айланди.

2026 йил – МДҲда Соғлиқни сақлаш йили, деб эълон қилинди. Бу қарор иштирокчи давлатларнинг тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаларидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга интилишини акс эттиради. Шу билан бирга, миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимларини такомиллаштириш ҳамда тиббиёт соҳасидаги давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган тажриба ва илғор амалиётлар алмашинуви алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Конференция иштирокчиларининг фикрига кўра, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ўзини омбудсманлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали платформаси сифатида намоён этди.

Бу ерда фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдан тортиб соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришгача бўлган долзарб масалаларни ҳал этиш учун ягона экспертлар макони яратилмоқда. Ушбу мавзуларнинг Ҳамдўстлик даражасида кўриб чиқилиши давлатларимизнинг миллий қонунчилиги ва ҳуқуқий анъаналарини инобатга олган ҳолда умумий ёндашувларни топишга ёрдам беради.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech