Биоиқтисодиёт ва ҳуқуқ

2026 йил 22 май куни Россия Федерациясининг Олтой давлат университетида “Биоиқтисодиёт ва ҳуқуқ” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуман ушбу Университетнинг Юридик институти томонидан ташкил этилди.

Тадбир Россия ва хориж олимлари, академик ҳамжамият, давлат ҳокимияти органлари вакиллари, амалиётчи ҳуқуқшунослар ҳамда экспертларни биоиқтисодиёт, биохавфсизлик ва янги технологияларни ҳуқуқий тартибга солишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун бир жойга тўплади.

Конференция ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов иштирок этди. Таниқли ўзбек ҳуқуқшуноси ўз сўзида биотехнологиялар, сунъий интеллект, рақамли платформалар ва генетик тадқиқотларнинг жадал ривожланиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий халқаро-ҳуқуқий ва миллий механизмларини ишлаб чиқиш заруратини юзага келтираётганини таъкидлади.

Ялпи мажлис доирасида биоиқтисодиётни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, технологик суверенитетни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари, биотехнологияларни ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда глобал технологик ўзгаришлар шароитида жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Биотехнологик ривожланишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг замонавий муаммолари ва истиқболларини комплекс таҳлил қилишга бағишланган “Биоиқтисодиёт ва ҳуқуқ” номли жамоавий монография тақдимоти тадбирнинг асосий воқеаси бўлди.

Шўъба йиғилишларида интеллектуал мулк ва технологиялар трансфери, экологик ва фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик, биоиқтисодиёт соҳасида солиққа тортиш, шунингдек, янги технологиялар ҳамда биотехнологияларни ҳуқуқий тартибга солишнинг хорижий тажрибасини ўрганиш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

Конференция якунида иштирокчилар халқаро илмий-эксперт ҳамкорлигини янада ривожлантириш, қўшма тадқиқот ташаббусларини амалга ошириш ҳамда биоиқтисодиёт, ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича фанлараро мулоқотни илгари суришдан ўзаро манфаатдорлик мавжуд, деган фикрни тасдиқладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech