Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шерикликни ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон ва Туркманистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шерикликни чуқурлаштиришга интилмоқда. Буни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Туркманистон делегацияси билан бўлиб ўтган учрашув яна бир бор тасдиқлади.

Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов жорий йилнинг 14 май куни Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институтининг Демократик масалалар ва халқаро муносабатлар бўлими катта илмий ходими Довлет Аманмирадов ҳамда Туркманистон Омбудсмани девонининг Хусусий секторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўлими бош маслаҳатчиси Алланур Кадировдан иборат делегация аъзолари билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Туркманистон Республикаси делегацияси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга бағишланган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Суҳбат аввалида А. Саидов Туркманистон делегациясини самимий қутлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканини билдирди. Ўзбекистон билан Туркманистон умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар бирлаштириб турган қардош давлатлар экани алоҳида таъкидланди. Бу мустаҳкам қардошлик ришталари икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш учун ишончли замин бўлиб хизмат қилади.

Д. Аманмирадов Туркманистон делегацияси номидан илиқ кутиб олингани ва Форум юқори даражада ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга бағишланган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” форуми минтақада инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва рўёбга чиқариш борасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим ва зарур майдондир.

Ўз навбатида, А. Қодиров инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба ва илғор амалиётлар алмашиш учун бу каби форумларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Икки давлатнинг ваколатли муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Учрашув давомида томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор амалий таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, А. Саидов бўлиб ўтган мулоқот натижаларини янада кенгроқ ёйиш мақсадида учрашув иштирокчиларининг маърузаларини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази журналида икки тилда нашр этишни таклиф қилди.

Учрашув Ўзбекистон ва Туркманистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шерикликни чуқурлаштиришга ўзаро интилишини тасдиқлади ҳамда томонлар Марказий Осиёда самарали минтақавий ҳамкорлик механизмини шакллантиришдан бирдек манфаатдор эканини кўрсатди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech