Академик Акмал Саидов Санкт-Петербург юридик форумида иштирок этди

24-26 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида XIV Петербург халқаро юридик форуми бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиздан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов қатнашмоқда.

Петербург форуми ҳуқуқ соҳасидаги энг йирик эксперт майдонларидан бири бўлиб, ўнлаб давлатларнинг юридик ҳамжамияти вакилларини бирлаштиради.

Бу йилги халқаро юридик форум “Ҳуқуқий маконда бўлиш вақти” шиори остида ўтказилмоқда. Форум халқаро ҳуқуқ ва рақамлаштиришдан тортиб, қонунчиликни ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорликкача бўлган кенг кўламли масалаларни қамраб олган.

Академик Акмал Саидов тадбирнинг ишбилармонлик дастури доирасида МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси томонидан ташкил этилган халқаро давра суҳбатида ҳамда Россия Федерацияси Конституциявий суди раиси Валерий Зоркиннинг “Ҳуқуқ цивилизациясига олиб борувчи машаққатли йўл” мавзусидаги очиқ маърузаси муҳокамаларида сўзга чиқди.

 Форум доирасида А. Саидов, шунингдек, бир қатор мамлакатларнинг ҳуқуқий идоралари ва парламент институтлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Учрашувлар чоғида ҳуқуқий интеграция, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech