Фахрий журналист хонадонида учрашув

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Миллий марказнинг матбуот хизмати ҳамда «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририяти ходимлари моддий рағбатлантирилди.

Ҳамкор журналистлар ва  оммавий ахборот воситалари вакилларига қутловлар йўлланди. Шунингдек, матбуот ва телевидение соҳасида узоқ йиллар самарали фаолият юритган, раҳбарлик лавозимларида ишлаган соҳа пешқадамлари йўқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзо соҳа фахрийси Собир ота Қурбоновнинг хонадонида бўлди. Миллий марказ директори академик Акмал Саидовнинг байрам табрикномаси топширилган ушбу учрашувда «Ҳаёт ва қонун» журнали бош муҳаррири Маҳмудхон Тоиров ҳам иштирок этди.

Собир Қурбонов 1984-1987 йилларда Ўзбекистон Матбуот қўмитаси раиси бўлган, шунингдек, бир муддат Ўзбекистон журналистлар уюшмасига раҳбарлик қилган. Ўзбекистон радио ва телевидениесида шарҳловчи бўлиб ишлаган.

Собир ота пенсияга чиққанидан кейин ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партияси Кенгашидаги фаолиятини изчил давом эттирди. Сўнгра “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раисига маслаҳатчи бўлиб ишлади.

Собир Қурбонов қатор давлат мукофотлари соҳибидир. Унинг номи Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Эҳтиром китоби»га киритилган. Отахон журналист I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Ёруғ ва самимий хотираларга бой суҳбат якунида Собир ота кўрсатилган эътибордан мамнун эканлигини таъкидлади. Йўқлов учун самимий миннатдорчилик билдириб, юртимизга тинчлик ва барака, соҳа вакилларига эса ижодий зафарлар тилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech