Миллий марказ Андижонда профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ўтказди
26–27 июнь кунлари Андижон шаҳрида ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) профилактика инспекторлари учун “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирда асосий эътибор профилактика инспекторларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришларни амалиётга татбиқ этиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.
Семинар-тренинг очилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Тренинг айнан мазкур миллий дастур доирасида ташкил этилаётганлиги таъкидланди.
Семинар-тренингга Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат ва ҳуқуқий фанлар ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси бошлиғи Дилором Худайберганова модераторлик қилди.
Тадбирни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нилуфар Мўминова очди. У профилактика инспекторларининг жамиятда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, маҳалла институти билан ҳамкорликнинг аҳамияти ҳамда замонавий ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Семинарда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев сўзга чиқиб, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида маъруза қилди.
М.Тиллабоев семинар-тренинг давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари ва махсус тартиб-таомиллари билан ҳамкорлик қилишнинг амалий аҳамиятига алоҳида тўхталди. Хусусан, Ўзбекистон миллий қонунчилигини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларига тўлиқ мослаштириш жараёни мамлакатимиз демократик ислоҳотларининг устувор йўналиши эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўтарилган масалалар юзасидан ҳам фикр билдирилди. Хусусан, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Маърузачи, шунингдек, маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмлари, шу жумладан “Рақамли маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаатларни сунъий интеллект ёрдамида саралаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш тизимининг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Олий Мажлис Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакили Муҳаммадали Одилов “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида маъруза қилди. У болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва жамоатчилик ҳамкорлигининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети Ҳуқуқ-иқтисод факультети Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси катта ўқитувчиси Манзура Содиқова “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш — давлат ва жамиятнинг олий бурчи” мавзусида маъруза қилди. Маърузада инсон шаъни ва қадр-қимматига ҳурматни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари тушунтириб берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг профилактика инспекторлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.
Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат ва ҳуқуқий фанлар ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси доценти, подполковник Умид Фозилов “Қийноқларга қарши кураш ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Маърузада ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш масалалари таҳлил этилди.
Семинар-тренинг иштирокчилар учун нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки амалий фаолиятда учрайдиган муаммолар юзасидан фикрлашиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш имконини ҳам берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский