Наманганда профилактика инспекторлари учун икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди

30 июнь куни Наманган шаҳрида ички ишлар органлари профилактика инспекторлари учун ташкил этилган “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусидаги икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини якунлади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Семинар-тренингда вилоятнинг 7 та туманидан 200 нафардан ортиқ профилактика инспектори иштирок этди. Тингловчилар соҳадаги халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик нормаларини амалиётда қўллаш бўйича ўз малакаларини оширдилар.

Тадбирнинг якуний куни ҳам қизғин муҳокамалар билан ўтди. Иштирокчилар томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги замонавий ёндашувлар ва маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилактика инспекторларининг ўрни хусусида фикр алмашилди.

Иккинчи кун давомида Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев томонидан “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва механизмлар”; Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Умид Фозилов томонидан “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар”; Миллий марказ бўлим бошлиғи Иқболбек Абдумажидов томонидан “Қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олишнинг халқаро-ҳуқуқий ва миллий норматив асослари”; Миллий марказ бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов томонидан “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг профилактика инспекторлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзуларида маърузалар ташкил этилди

Семинар-тренинглар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнь куни ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлис билан уйғун тарзда олиб борилмоқда. Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимиздаги 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилаётгани, уларнинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Наманган техникумида ҳам ўрта-махсус маълумотга эга офицер ва сафдорлар тайёрлаш йўлга қўйилиши режалаштирилгани алоҳида аҳамиятга молик.

Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилаётган семинар-тренинглар нафақат профилактика инспекторларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, балки уларнинг аҳоли билан ишончли мулоқот ўрнатиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш борасидаги амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мамлакат миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳудудлардаги давоми сифатида баҳоланмоқда.

Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар билан манзилли ишлашда фаоллик кўрсатган 7 нафар МФЙ профилактика инспектори фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Уларга Миллий марказ томонидан нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар тақдим этилди.

Тадбир давомида олинган билим ва кўникмалар профилактика инспекторларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech