Сурхондарёда профилактика инспекторлари инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларини оширди
9 июль куни Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети мажлислар залида ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича МФЙ профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ўтказилди. Машғулотлар “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусига бағишланди.
Тадбирнинг очилишида таъкидланганидек, ушбу семинар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида ташкил этилди.
Ўқув семинари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнда ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлисда кўтарилган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани ҳақида тингловчиларга батафсил ахборот берилди.
Маърузаларни Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили, халқаро ва миллий ҳуқуқ соҳасида энг юқори тажрибага эга соҳа намояндалари, олимлар ва экспертлар гуруҳи тақдим этди.
Семинар-тренингда асосий эътибор профилактика инспекторларининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очиш, тергов қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолияти, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришга қаратилди.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский