Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар юзасидан “муқобил” маърузалар тайёрлаш ва Орхус конвенциясининг асосий тамойиллари

28 август куни Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар юзасидан “муқобил” маърузаларни тайёрлаш ва аҳолининг атроф-муҳитга доир қарорларни қабул қилишда иштирокини кенгайтиришга қаратилган Орхус конвенциясининг асосий тамойиллари” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Семинар нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари учун ташкил этилди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” талабларидан келиб чиқилди.

Семинарда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан жами 30 нафар вакил иштирок этди. Улар орасида Ассоциациянинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳамда унга аъзо ННТ фаоллари бор.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов очди. Очилиш маросимида, шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин  Ишанхожаев ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Эркин Исакулов  сўзга чиқди.

Сўзга чиққанлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни амалда таъминлаш ҳар қандай демократик давлатнинг устувор вазифаларидан бири эканига эътибор қаратдилар. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Хусусан, А. Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар қабул қилинганининг 60 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда махсус чора-тадбирлар режаси қабул қилингани ҳақида тўхталди. Мазкур қутлуғ санага ҳамоҳанг тарзда ўтказилаётган ўқув-семинар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг, айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг умумий вазифаси эканини яна бир бор амалда тасдиқлашини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, А. Саидов фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий-ҳуқуқий асослари ҳақида батафсил сўз юритди. Бунда 2023 йилдаги умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда суверен, демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш мақсади белгилангани, миллий қонунчилик тарихида илк бор фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида XIII боб киритилиб, ушбу институтларнинг мақоми конституциявий жиҳатдан қатъий белгилаб қўйилгани эътироф этилди.

Бундан ташқари, А.Саидов томонидан «Инсон қадрини юксалтириш» ғояси мамлакат тараққиётининг бош мезонига айланганлиги, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 18 та шартномасидан 11 таси ратификация қилгани ва шундан 7 таси асосий, 4 таси факультатив протокол экани, Миллий марказ ташкил топгандан буён БМТнинг тегишли устав ва шартномавий органларига жами 52 та миллий маъруза тақдим этилгани маълум қилинди.

Тадбир доирасида қайд этилганидек, ушбу ҳисоботлар доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларнинг Ўзбекистон Республикасида бажарилиши юзасидан 140 дан ортиқ халқаро ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан БМТнинг тегишли қўмиталарига “муқобил” маърузалар тақдим этилган. Улардан 22 таси Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланади.

Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Артур Яцевич томонидан семинар иштирокчиларига амалий маълумотлар тақдим этди. Хусусан, у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мониторинг механизмлари, устав органлари билан ҳамкорлик қилиш тартиб-қоидалари, фуқаролик жамияти институтлари томонидан “муқобил” маърузалар тайёрлашнинг замонавий методологияси ва халқаро стандартлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берди.

Семинарнинг иккинчи йўналиши Орхус конвенциясининг асосий тамойилларига бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакили атроф-муҳитга оид ахборотдан фойдаланиш, атроф-муҳитга тааллуқли қарорлар қабул қилиш жараёнларида жамоатчиликнинг иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасида одил судловга мурожаат қилиш имкониятлари — Орхус конвенциясининг учта асосий устуни ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Тадбир якунида иштирокчилар инсон ҳуқуқлари бўйича “муқобил” маърузалар тайёрлаш кўникмаларини эгаллаб, Орхус конвенцияси тамойилларини амалда қўллаш бўйича амалий тавсиялар билан танишдилар.

Семинар доирасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни тегишли давлат органларига етказиш ҳақида келишиб олинди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит соҳасида қарорлар қабул қилиш жараёнларини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.08.2026 Ko'rishlar 43
Ulashish