Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи аввалида халқимизни айём билан самимий табриклади. Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилгани тантана шукуҳини янада оширди.

Давлатимиз раҳбари «Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз» деган асосий тамойилни яна бир бор эслатди.

Президентимиз мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлишини таъкидлади. Ислоҳотларнинг биринчи кунларидан халқнинг қалбига қулоқ солиш ва аҳолининг дардига дармон бўлиш асосий мақсад этиб белгиланди.

Айниқса, кейинги ўн йилда «Инсон қадри учун» ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. Биринчи галда «пахта қуллиги», мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати, конвертация чеклови ҳамда «прописка» каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилди.

– Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Инсон қадри деганда, аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиши ҳам тушунилади. Сўнгги йилларда соҳага ажратилаётган маблағ 8 каррадан зиёд оширилиб, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти марказда ҳам, ҳудудларда ҳам яратилди.

Инсоннинг яшаш ва муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида иш ўринлари яратиш, аҳолини тоза ичимлик суви, уй-жой ва замонавий тиббиёт билан таъминлаш давлат сиёсатининг марказида эканига эътибор қаратилди.

Бунга қадар, Президентимиз давлат мукофотларини ўз эгаларига топшириш маросимида иштирок этар экан, Янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи сифатида ўз кучига ишонган, ҳуқуқларини англаган ва мамлакат эртасига дахлдорликни ҳис қилаётган «янги инсон» ва жамият шаклланганини эътироф этди.

Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида Ўзбекистон Президенти инсон ҳуқуқлари ва бағрикенглик тамойилларига содиқ қолган ҳолда 852 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Инсоннинг иқтисодий эркинликларини кенгайтириш доирасида тадбиркорлар учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси ва «биринчи хато учун огоҳлантириш» тизими жорий этилиши эълон қилинганини ҳам таъкидлаш лозим.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 02.09.2026 Ko'rishlar 173
Ulashish