Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлди.
Тантанали тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Олий суд раисининг ўринбосари Акрам Шукуров, Ҳарбий прокурор ўринбосари Одилжон Жўраев ва бошқалар иштирок этди.
Ватанга қасамёд маросимида, шунингдек, таниқли олимлар, шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар, маънавият тарғиботчилари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа фахрийлари, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари қатнашди.
Сўзга чиққанлар курсантларни она Ватанга хизмат қилишдек шарафли ва масъулиятли йўлни танлаганлари, ушбу касбни эгаллаш йўлидаги илк қадамлари билан самимий муборакбод этдилар.
Ҳар бир курсант ўз қасамёдида Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, давлатга садоқатли бўлиш ҳамда зиммасига юклатилган шарафли ва масъулиятли вазифаларни виждонан бажаришга ваъда берди.
Тадбир якунида таниқли санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари ва бадиий чиқишлари байрам шукуҳига янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
