Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Янги Ўзбекистонда она ва бола ҳуқуқлари, оила манфаатлари – давлат ҳимоясида

Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади.

3 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда, жумладан, шу ҳақда сўз борди.

Йиғилишда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган янги ёндашувлар белгилаб берилди. Бу борадаги зарур топшириқларни берар экан, «Бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қиладиган тизимни йўлга қўямиз» — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга «пассив даромад» келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йилда 300 миллиард сўм ажратилган. Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди.

– Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини «ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди.

Бунда аҳоли даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаётгани каби омилларни қамраб оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтилади.

Юртимизда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушди. Шундай бўлса-да, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда мазкур кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 03.09.2026 Ko'rishlar 36
Ulashish