2026 йил 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳомийлигида, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларга 60 йил ва Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияга 40 йил: қадр-қиммат, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал шериклик» мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича В Самарқанд форуми ўтказилди.
Нуфузли халқаро анжуман Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлар қабул қилинганининг 60 йиллиги, Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланди. Форум инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мулоқот ва тажриба алмашишни кенгайтириш, халқаро мажбуриятларни самарали амалга ошириш, тараққиёт ҳуқуқини илгари суриш ва глобал чақириқларга ҳамкорликда ечим излашга қаратилди.
Форумнинг очилиш маросимига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов модераторлик қилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига мурожаати тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов табрик нутқлари билан иштирок этди.
Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Volker Türk, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Президенти Миржана Сполжариc, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебреесус, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори Мариа Телалиан ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Мачлнинг нутқ ва мурожаатлари тақдим этилди.
Форумнинг юқори даражадаги панели «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактлар, ривожланиш ҳуқуқи ва глобал ҳамжиҳатлик: замонавий муаммолар шароитида янгича қараш» мавзусида ўтди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизимининг ривожланиши, инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва ўзаро боғлиқлиги, тараққиёт ҳуқуқи, барқарор ривожланиш, глобал тенгсизлик, иқлим ўзгариши, можаролар ва гуманитар инқирозларга жавоб бериш масалалари муҳокама қилинди.
Юқори даражадаги мулоқотда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Чангрок Соҳ, Elina Š, БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Маргарет Саттертҳwаите, ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Чристопҳе Камп, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Нурлан Ермекбаев, Лина Зҳанг, Сергей Лебедев, Эвгения Парамонова, Кадир Яман, Klaus Beck ва Ник Xar каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланган «Халқаро мажбуриятлардан самарали амалга оширишга: инсон ҳуқуқларини миллий даражада амалга ошириш механизмларининг роли» мавзусида юбилей панели ҳам ўтказилди. Унда миллий институтлар фаолияти, БМТ шартномавий органлари ва Универсал даврий шарҳ тавсияларини бажариш, идоралараро ҳамкорлик, мониторинг ва ҳисобот жараёнларини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум дастуридан иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, демографик барқарорлик ва инсон капитали, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги, иқлим адолати, рақамли трансформация ва сунъий интеллект, фуқаросизликни қисқартириш ҳамда қочқинлар ҳуқуқларига бағишланган параллел сессиялар ўрин олди.
Хусусан, демографик барқарорликка бағишланган сессияда аҳоли динамикаси, ёшлар ва инсон капитали, гендер тенглиги, аҳолининг қариши, миграция, урбанизация ва ижтимоий интеграция масалалари кўриб чиқилди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича сессияда эса хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришининг гендер жиҳатлари, қарорлар қабул қилишда хотин-қизлар иштироки, зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш ҳамда рақамли имкониятлардан тенг фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мазкур йирик халқаро мулоқот майдонида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна ва амалий тадқиқотлар бўйича директор ўринбосари Сеитов Мансур Шерикбаевичлар иштирок этди.
Тадбир доирасида Рахимова Нигина Хайруллаевна «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ жамоаси номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан табриклади.
«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан тақдим этилган қутловда Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолиятига юксак баҳо берилди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ ўртасидаги ҳамкорликнинг инсон ҳуқуқларига оид жамоатчилик фикрини ўрганиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги ва ижтимоий кайфиятини таҳлил қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланишига муносабатини аниқлашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми халқаро ва миллий институтлар, экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида мулоқот ва тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиб, инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш тамойилларини илгари суришга хизмат қилди. Форумда муҳокама қилинган масалалар инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнининг ижтимоий, иқтисодий, демографик ва технологик ўзгаришлар билан узвий боғлиқлигини яна бир бор намоён этди.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази
